Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Олам

image

Қирғизистон пойтахти Бишкекда кучли шамол туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Бишкек мэрияси матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, кечқурун шамол тезлиги сониясига 25 метрдан ошган. Шунинг учун ҳам шаҳар мэри Айбек Жунушалиев фавқулодда ҳолат эълон қилган. Кеча, 28 март куни маҳаллий вақт билан соат 16:20 да Бишкек ва Чуй водийсида 18–26 м/с гача кучли шамол эсди.

“Ҳудудларни кўздан кечириш ва ҳодиса оқибатларини, шунингдек, потенциал хавфли ҳудудлар: томларнинг осилган бўлаклари, кондиционерлар, йирик шохчалар ва ҳоказоларни аниқлаш мақсадида туман ҳокимликлари, шаҳар инспекциялари ва коммунал хизматлардан мобил гуруҳлар ташкил этилди. Барча шаҳар хизматлари кучайтирилган режимга ўтди”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, пойтахтда 3 та маъмурий бинонинг, жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўзи, шунингдек, 25 та тураржой биносининг томлари шикастланган. Чуй водийсида шамол олтита маъмурий ва 15 тураржой биносининг томларини учириб кетган.

Шошилинч тиббий ёрдам маркази маълумотларига кўра, Бишкекда шамол оқибатида икки киши жабрланган. Киев кўчасида томдан металл бўлаги 14 ёшли ўсмирнинг устига қулаб тушган. Бола болдир суягининг ўрта учдан бир қисми синиши, бош суягининг ёпиқ жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Шербакова ва Элебесова кўчалари чорраҳасида 41 ёшли аёл бошқараётган машина устига дарахт қулаб тушган. Жабрланувчи ёпиқ краниосеребрал шикастланиш, мия чайқалиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Бишкек маъмурияти маълумотларига кўра, ноқулай об-ҳаво туфайли 11 шаҳар мактаби ва саккизта болалар боғчаси зарар кўрган. 1 апрелга қадар мактаб ўқувчилари таътилда, боғчалар эса одатдагидек ишлашда давом этади. Кучли шамол туфайли троллейбус линияларига шикаст етган, 10 ва 11-сонли йўналишлардан ташқари барча йўналишларда қатнов тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистоннинг айрим вилоятларида сув тошқини сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Бишкек

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг