Биржада цемент арзонлаша бошлади

Жамият

image

Жорий йилнинг сўнгги ойларида биржанинг цемент бозорида талабнинг сезиларли даражада ўсиши натижасида нархларнинг ошиши ҳолатлари кузатилаётган эди.

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси берган маълумотга кўра, 2020 йилнинг январь-июнь ойларида биржада барча маркали цементнинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 499,0 минг сўмдан 792,0 минг сўмгача, яъни 59 фоизга ўсди. Нархларнинг ўсиши асосан жорий йилнинг май–июнь ойларига, яъни қурилиш мавсумининг бошланиш даврларига тўғри келмоқда.

Ўтган даврда биржа савдоларига жами 4 075,0 минг тонна цемент қўйилган бўлиб, улардан 4 044,0 минг тоннаси, яъни 99,3 фоизи сотилди. Бунда, республикада фаолият юритаётган 28 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналаридан 16 таси ўз маҳсулотларини биржа савдолари орқали реализация қилган.

Цементга бўлган талаб ва нархларнинг ошишига карантин талабларининг босқичма-босқич юмшатилиши орқали хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилаётган қурилиш ишларининг фаоллашуви ва жадаллашуви, сотувчи корхоналар томонидан биржа савдоларига қўйилаётган цемент ҳажмларининг ўртача 25 фоизга пасайтирилганлиги ҳамда цемент маҳсулоти импорти ҳажмларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 3 баробарга камайганлиги сабаб бўлди.

Кўриб чиқилаётган даврда, цемент бўйича биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони ҳам сезиларли даражада ўсди. Хусусан, жорий йилнинг январь ойида биржа савдоларида цементни харид қилиш учун бир кунда ўртача 326 та корхона иштирок этган бўлса, июнь ойига келиб уларнинг сони 692 тани, яъни ўсиш 2,1 баробарни ташкил этди.

Биржанинг цемент бозорида талаб ва таклифнинг мутаносиблиги ҳамда цемент нархларининг барқарорлигини бозор иқтисодиётига хос воситаларидан фойдаланган ҳолда таъминлаш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва цемент сотувчи корхоналар вакилларидан ташкил топган Ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ томонидан цемент бозорини чуқур ўрганиш бўйича олиб борилган таҳлилий ишларнинг натижалари асосида цемент бозорида мувозанатни тиклаш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди:

1. Биржа савдоларида сотилаётган цемент ҳажмларини харидорлар ўртасида нисбатан тезроқ ва самаралироқ тақсимланишга қўмаклашиш учун зарур чораларни қўллаш ва қулай шароитларни яратиб бериш, шу жумладан биржадан сотиб олинган цементни заводларда юклаш муддатларини қисқартириш. Бунинг натижасида цемент маҳсулотини сон жиҳатидан янада кўпроқ истеъмолчиларга етиб борилиши таъминланади.
 
2. Цемент бозорида таклиф даражасини кўтариш мақсадида йил якунига қадар умумий қуввати 4,9 млн тоннага тенг 6 та янги цемент ишлаб чиқариш заводларини ишга тушириш эвазига республикада мавжуд қувватларни 20,0 млн тоннага етказиш. Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 10 июлидан бошлаб биржа савдоларига қўйилаётган цемент ҳажми ишга туширилиши режалаштирилаётган 2 та завод ҳисобига кунлик қўшимча 3500 тоннага ошади.

3. Биржа савдоларига кунлик 40,0 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда цемент маҳсулотини сотувчи корхоналар томонидан бир маромда қўйилиши таъминланади.

4. Цемент учун олдиндан тўловларни амалга ошириш ва нархлар ўзгарувчанлигидан ҳимоя қилиш имконини берувчи бир ойдан ортиқ муддатга кечиктирган ҳолда етказиб бериш шарти билан “форвард” шартномалари асосида биржа савдолари ўтказилади. “Форвард” савдолари бир томондан келажакда етказиладиган цемент учун нархларни олдинган белгилаб олиш, иккинчи томондан маҳсулот учун тўловларни бозор қийматларида олдиндан олиш имконини беради.

Ишчи гуруҳи томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 29 июнь куни биржа савдоларида цементнинг ўртача сотилиш нархи 1 кг учун 792 сўмдан 754 сўмга ёки 5 фоизга пасайди.

Ишчи гуруҳи томонидан Биржа савдоларига маҳсулот қўйилиши ва нархларнинг асоссиз ошиб кетмаслиги бўйича доимий мониторинг олиб борилади ва заруратга кўра цемент бозорида шаклланиб бораётган конъюнктурадан келиб чиққан ҳолда нархларни барқарорлаштириш бўйича бошқа қўшимча чора-тадбирлар ҳам қўлланилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

биржа цемент

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг