Билимсизлик очликка олиб келади(ми)?
Жамият
−
30 Март 2021
5155Сўнгги беш йилда дунё бўйича очликдан азият чекаётган аҳоли сони 60 миллионга ошган. Сайёрада оч қолаётган аҳолининг умумий кўрсаткичи эса 8,9 %ни ташкил этади. Агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қоладиган бўлса, 2030 йилга бориб, очарчилик шароитида яшаётганлар сони 840 миллионга етиши мумкин.
Бу жуда жиддий ва ўйлантирадиган муаммо. Статистикани ўрганадиган бўлсак, очарчилик, асосан қишлоқ хўжалиги ривожланмаган, мавжуд ер ресурсларидан унумли фойдалана олмаётган мамлакатларда кузатилаётганига гувоҳ бўламиз. Аҳоли сонининг ортиб бориши ўз навбатида уни етарли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни назарда тутади.
Мана нима учун жаҳоннинг етакчи давлатлари қишлоқ хўжалигида янгича технологияларни жорий этиш масаласига катта эътибор қаратмоқда.
Ўзбек халқининг ҳаётини ердан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Азал-азалдан ота-боболаримиз деҳқончилик, боғдорчилик орқасидан рўзғор тебратиб келган. Ҳосилдор еримизда етиштирилган мазали меваларимиз, полиз экинларимиз бутун дунёда машҳур. Аммо, дунё тезлашиб, барча соҳаларда янги билим ва технологиялар жорий этилаётган бугунги кунда анъанавий, эскирган усуллар билан иш қилиб бўлмайди.
Қарийб 40 миллионга яқинлашиб қолаётган аҳолини хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш ҳазилакам гап эмас.
Жаҳон экспертлари фикрича, айни пайтда қўлланилаётган аграр технологиялар билан мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш эвазига 10 милиарддан ортиқ одамни боқиш мумкин экан. Аммо бунинг учун, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғоришнинг янги технологиялари, самарали усулларидан хабардор бўлиш талаб этилади.
Озиқ-овқат бу инсон яшаши учун зарур бўлган асосий ресурслардан бири. Оламшумул муаммолар ҳақида ўйлаш учун ҳам одамнинг, аввало қорни тўқ бўлиши керак. Ҳаракатда баракат, дейди доно халқимиз. Шундай экан, аҳоли турмуш даражасини ошириш учун барча соҳаларда, жумладан қишлоқ хўжалигида ҳам мунтазам равишда ислоҳотлар олиб бориш зарур. Соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлар шу каби масалалар моҳиятини англаб етиши, ҳар бир ишни таваккалчилик ёки қўшниси Ҳошимжон ака шундай қилса, яхши бўлади, дегани учун эмас, балки шундай қилса тўғри бўлиши аниқлигидан келиб чиқиб бажариши лозим. Қишлоқ хўжалиги соҳасига жиддий эътибор қаратиш, айниқса, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг билимини ошириш, янги технологиялардан фойдаланишни ўргатиш ҳақида жиддий ўйлаш вақти келди.
LiveБарчаси