“BIG Uzbek” жангини кўришга келган Умаров ёхуд бокс мундиалининг 4-куни қандай ўтди?
Спорт
−
05 Май 2023
10693Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг 4-куни ортда қолди. 4 май кунининг кундузги дастурида -63,5 кг да Руслан Абдуллаев, кечки дастурда эса -48 кг да Шодиёржон Мелиқўзиев, -51 кг да Ҳасанбой Дўсматов ва +92 кг вазн тоифасида Баҳодир Жалолов рингга кўтарилди.
Руслан Абдуллаев испаниялик Оэр Ибарречега қарши жанг қилди ва 1-раунддаёқ рақибини мағлуб этди.
Шодиёр Мелиқўзиев непаллик Рабин Тапага қарши жангда рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади.
-51 кг да Ҳасанбой Дўсматов жангига яқин “Ҳумо” арена мухлислар билан тўлиб-тошди. Томошабинларнинг қўллаб-қувватлашига жавобан Дўсматов рақиби мексикалик Алберто Хименесни аяб ўтирмади. Олимпиада чемпиони ҳам турнирнинг кейинги босқичига йўл олди.
Яна бир Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалоловнинг жангига оз фурсатлар қолганда аренага Марказий Осиё MMA конфедерацияси раҳбари, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов ва бошқа кўпгина нуфузли инсонлар ташриф буюрди.
Шунингдек, аренанинг юқори трибунасидан ўзбекистонлик профессионал боксчилар Муроджон Аҳмадалиев Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов ва Фазлиддин Ғойибназаров жангларни кузатиб борди.
Ниҳоят рингга Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов чиқиб келди. Жалоловга баҳрайнлик Данис Латипов рақиблик қилди. Ўзбекистонлик боксчи рақибини масофада ушлаб, зарбалар билан “сийлади” ва ҳатто 3-раундга келиб Латипов “нокдаун” ҳолатига тушди. Жанг якунида ҳакамлар бир овоздан Баҳодир Жалоловнинг ғалабасини қайд этди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон жамоасининг мундиалдаги ғалабали серияси давом этди. Бугун, 5 май куни -92 кг да Лазизбек Мулложонов, -57 кг да Абдумалик Халоков ва -80 кг вазнда Жасурбек Йўлдошев Ўзбекистон жамоасининг мусобақадаги юришини давом эттиради.
LiveБарчаси