Бетоб қизнинг операцияси учун хайрия пулларини ўзлаштирган фирибгар ушланди
3-саҳифа
−
05 Июнь
5713“Бетоб қизнинг операцияси учун” дея ўзганинг номидан аккаунт очиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон республикасида яшовчи аёл А.З. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг қизининг фотосуратини ижтимоий тармоқларга жойлаб, халқдан операцияга пул йиғаётганини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларига кўра, мазкур жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи М.М. содир этганлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган М.М. жабрланувчи А.З.нинг бетоб қизи З.Т.нинг номидан аккаунт очиб, унинг фотосурати ва видео тасвирларини ҳамда ўзининг фойдаланувида бўлган банк карталарини унинг номидан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларга жойлаган ва операция учун халқдан ёрдам пули сўраб, алдаш йўли орқали фуқароларнинг хайрия тариқасида ўтказган пулларини ўзлаштириб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
“Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Бухоро вилоятининг Жондор туманида фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик жиноятини содир этган Тиббиёт бирлашмаси рентгенолог врачи қўлга олинганди.
LiveБарчаси