Берлин саммити: Ливия кафиллари нимани қойиллатди?

Олам

image

Ливияда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш бўйича Берлинда ўтказилган конференция иштирокчилари мамлакатга қурол етказиб беришда эмбаргога амал қилиш ва можарода иштирок этаётган у ёки бу гуруҳга ҳарбий ёрдам кўрсатмасликка келишиб олди. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель маълум қилди.

“Биз конференциянинг барча иштирокчиларидан Ливияда ўт очишни тўхтатиш тартиби амал қилиб турган вақтда мамлакатдаги курашувчи томонларни қўллаб-қувватламаслик ва барча ҳаракатларни тўхтатиш ҳақида ваъдаларини олдик”, деган Меркель.

Берлиндаги саммитда Ливиядаги икки асосий курашувчи томон раҳбарлари – БМТ тан олган Ҳукумат раҳбари Фаиз Саррож ва генерал Халифа Ҳафтар ҳам иштирок этди. Аммо ўзаро учрашувда улар барибир келиша олишмади.

Конференцияда шунингдек, Германия етакчиси, Россия Президенти Владимир Путин, Туркия Президент Ражаб Тойиб Эрдўған, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон, Миср Президенти Абдул Фаттох ас-Сиси иштирок этди.

Германия канцлерининг сўзларига кўра, саммит иштирокчилари Триполида ўрнатилган ярашув доимий сақланиб қолиши керак. Бу келгуси сиёсий жараёнлар учун муҳим. Меркель ярашувга амал қилишни урушувчи томонларнинг беш нафардан вакиллари аъзо бўладиган махсус қўмита назорат қилишини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Туркия ва Россия Ливиядаги икки асосий курашувчи томонни музокара столига олиб келганди. Унда Ливия Миллий бирдамлик ҳукумати раҳбари Фаиз Саррож ва Ливия миллий армияси генерали Халифа Ҳафтар ярашув битимини имзолаши керак эди. Бироқ Ҳафтар Москвани ҳеч қандай ҳужжатни имзоламай тарк этди.

Ливиядаги вазият

2011 йилда Ливияда Муаммар Қаззофи ҳокимиятдан ағдарилиб, ўзи ўлдирилгач, мамлакатда сиёсий инқироз бошланган. Ливияда ҳозиргача қўшҳокимиятчилик ҳукм суради. Амалда давлатчилик йўқ.

Шарқда сайланган парламент ҳокимияти ўрнатилган бўлса, Триполи ва ғарбни БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фаиз Саррож бошлиқ Миллий бирдамлик ҳукумати бошқаради.

Шарқдаги ҳукмрон доиралар расмий Триполидан мустақил ва ЛМА қўмондони Халифа Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Ҳафтар кучлари 2019 йилнинг апрелида пойтахт Триполини эгаллаш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливия Берлин саммити

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг