Бердимуҳамедов Евроосиёдаги вазиятга жиддий чора кўришга чақирди

Олам

image

Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркий давлатлар ташкилотини дунёдаги можароларга барҳам бериш учун ҳамма нарсани қилишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида сўз очди. 

“Халқаро муносабатларнинг замонавий конъюнктурасига хос ёндашувларни илгари сурган Туркманистон асосий стратегик мақсадга эришиш учун мамлакатлар саъй-ҳаракатларини изчил бирлаштириш заруратидан келиб чиқади. Мақсаднинг ўзи халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низомига қатъий риоя қилиш орқали қарорлар қабул қилишда умуминсоний барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат”, деди Бердимуҳамедов. 

Халқ Маслаҳати Раисининг фикрича, бу борада нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг фаол позицияси талаб этилади, улар томонидан тенг ҳуқуқли ва яхши мувофиқлаштирилган ҳамкорлик асосида масъулиятли ҳаракатлар зарур. 

Бердимуҳамедов Евроосиё қитъасининг қатор минтақаларида юзага келаётган сиёсий вазият ўта пухта ўйланган, аниқ ва жиддий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўришни талаб қилишини таъкидлади.  

“Биз ташкилотимиз мустақил равишда ҳам, жаҳон ҳамжамияти билан яқин ҳамкорликда можароларга барҳам бериш ва узоқни кўзлаб, масъулиятли ечимларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилиши керак, деб ҳисоблаймиз”, дейди у. 

Унга кўра, туркий дунё давлатларининг келишилган позициялари тенг ҳуқуқлилик, миллий суверенитет ва халқларнинг давлат бошқарув шаклини танлаш ҳуқуқини тан олган ҳолда дунёдаги сиёсий воқеаларга таъсир кўрсатишнинг самарали механизмига айланиши керак. 

“Бундан келиб чиқиб, Туркманистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Мулоқот тинчлик кафолати” резолюцияси лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ишончимиз комилки, бундай ҳужжатнинг қабул қилиниши БМТга аъзо давлатларнинг можароли вазиятлар қанчалик қийин бўлмасин, уларни тинч ва музокаралар йўли билан ҳал этиш бўйича фундаментал ва сўзсиз садоқатини тасдиқлайди”, дейди у. 

Шунингдек, у Туркманистон БМТ даражасида 2025 йилни Тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилиш ташаббуси билан чиққанини эслатди.  

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг жорий сессиясида туркий давлатлар буни қўллаб-қувватласа, биз миннатдор бўламиз”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг