Бердимуҳамедов Янги йилда илк ташрифни коронавирус урчиётган Хитойдан бошламоқчи

Олам

image

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 5-6 январь кунлари давлат ташрифи билан Хитойда бўлади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, Туркманистон раҳбарининг давлат ташрифи Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг таклифига биноан ташкил этилмоқда.

Туркманистон Бош вазири ўринбосари, республика Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг ҳисоботига кўра, Бердимуҳамедов Хитойга бўлажак ташрифи чоғида йирик икки томонлама ҳужжатлар пакетини имзолашни режалаштирмоқда.

Мередов Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш республика ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, Хитой бу давлатлар орасида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаган. 

Бердимуҳамедовга кўра, томонларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида узоқ муддатли Туркманистон-Хитой ҳамкорлиги стратегик хусусият касб этган. Мамлакатлар бир-бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда халқаро ташкилотлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Шу муносабат билан Туркманистон раҳбари Хитойда бўлажак олий даражадаги музокаралар долзарблигини урғулаган. 

Маълумот учун, Сердар Бердимуҳамедов ўтган йили март ойида Туркманистон Президенти лавозимига киришганидан бери биринчи марта Хитойга ташрифни амалга оширмоқда. 

2022 йилнинг сентябрида Бердимуҳамедов Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида Си Цзиньпин билан турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича музокара ўтказган эди.

Маълумот ўрнида, айни вақтда Хитойда коронавирус тобора кучайиб бормоқда. Мамлакат касалланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича статистикани эълон қилмай қўйганига анча бўлди. ЖССТ Хитойни асл статитискани яширишда айбламоқда

Хитой декабрь ойи бошида анти-COVID чекловларини юмшатди, шундан сўнг мамлакатда коронавируснинг кенг тарқалиши қайд этилди. Тиббиёт мутахассисларининг фикрига кўра, бу заифлашган штаммлардир, шунинг учун касаллик одатда ўрта шаклда давом этади ва ўлим эҳтимоли жуда паст. Шу фонда, айрим давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Испания, Италия, АҚШ, Франция, Жанубий Корея ва Япония Хитойдан ташриф буюрувчилар учун қоидаларни кучайтирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

1

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг