Берадиган қўл бўлмаса, оладиган қўл ҳам бўлмайди — Тошқулов
Жамият
−
24 Июнь 2021
8540Олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов университетлар фаолиятида ҳали ҳам коррупцион ҳолатлар мавжуд эканлигини тан олди. Вазирнинг айтишича Ўзбекистон Президенти порахўрлик мавжуд бўлган икки соҳани: қурилиш ва олий таълимни ёнма-ён қўйиб, шу соҳаларни коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш кераклиги таъкидлаган. Бу ҳақда вазир 2021/2022 ўқув йилида ОТМларга қабул параметрларига бағишланган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Мен олий таълимда коррупция йўқ, дея олмайман. Aгар порахўрлик бўлмаганда Президентимиз қурилишни ва олий таълим соҳасини коррупциядан ҳоли соҳа қиламиз деб айтмасди. Қурилишга яқин айтилганининг ўзи биз учун уят. Aслида, олий таълим барча йўналишга ўрнак бўлиши керак. Лекин, минг афсуски, бу йўналишдаги коррупция нафақат мустақилликдан кейин, балки Собиқ иттифоқ даврида ҳам мавжуд эди. Бу нарса қон-қонга сингиб, бугунгача етиб келди. Aммо айни дамда барча ҳаракатларимиз бунинг олдини олишга қаратилган”, дейди Тошқулов.
Вазир сўзида давом этаркан, қарс икки қўлдан чиқишини, агар талаба астойдил ўқиса ва баҳосини ўз кучи билан олса, ҳеч қандай порага ҳожат қолмаслигини таъкидлади. Тошқулов анжуман давомида айнан ОТМлардаги порахўрлик ҳақида гапирар экан, бу жараёнда икки томон ҳам бирдек айбдор эканини, берадиган қўл бўлмаса, оладиган қўл ҳам бўлмаслигини айтди .
“Бир кунда тест бўладиган кунларни эсланг. Ўзбекистон бўйича 1 миллион одам имтиҳон топширади. Қаерда тартибсизлик бўлса, ўша ерда барча ишни қилиб олиш мумкин. Қаерда жараён бемалол бўлса, ўша ерда шаффоф ўтади. Коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, қарс икки қўлдан чиқади. Бу каби ҳолатлар қисқартириляпти ва бундан кейин ҳам шунга ҳаракат қиламиз”, дейди Aбдуқодир Тошқулов.
Эслатиб ўтамиз, мазкур анжуман давомида Ўзбекистонда жорий йилдаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш учун 30 млрд сўм атрофида маблағ сарфланиши ҳақида маълум қилинди.
Давлат тест маркази директори Мажид Каримов эса мазкур имтиҳонлар учун икки сценарийда тайёргарлик кўрилаётганини айтиб ўтди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15