Бензин ва пропан нархи қимматлади
Жамият
−
28 Январь
34904Кеча, 27 январь куни Ўзбекистонда суюлтирилган газнинг биржа нархи кунига 9,7 фоизга ошиб, бир тоннаси учун 7,6 миллион сўмга яқинлашди. Бу ҳақда Товар хомашё биржаси хабар берди.
Жорий йил 6 январга нисбатан пропан нархи 22,7 фоизга ошди, сотиш ҳажми эса 1463 тоннани ташкил этди. АИ-80 бензинининг нархи бир кунда 1,6 фоизга кўтарилиб, бир тоннаси учун 9,34 миллион сўмни ташкил этди ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 13 ноябрда белгиланган нарх чегарасига яқин қолди. Кечаги савдолар давомида ёқилғи савдоси икки бараварга қисқариб, 4 дан 2,21 минг тоннага тушди. 17 январь куни бензин сотиш ҳажми мутлақ рекорд ўрнатди ва 14,1 минг тоннадан ошди.
Шунингдек, бир тонна АИ-92 бензинининг биржа нархи кунига 3,5 фоизга ошиб, 12,72 миллион сўмга етди. Шу билан бирга, сотилган ёқилғи ҳажми ўтган кунга нисбатан сезиларли даражада камайган ҳолда 308,4 тоннани ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон бензин нархини тартибга солишни бекор қилишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Мамлакатнинг Энергетика вазирлиги қўшни давлатлар билан нархлардаги фарқни бартараф этиш ва кулранг экспорт хавфини камайтириш учун ёқилғи-мойлаш материаллари нархини тартибга солишдан босқичма-босқич воз кечмоқчи. Қозоғистон қўшни давлатлар орасида ёқилғи-мойлаш материалларининг энг паст нархига эга, бу эса ноқонуний экспорт ва ички бозорда танқисликка олиб келади. Масалан, АИ-92 бензинининг бир литри 205 тенге, Россияда 288 тенге, Қирғизистонда 385, Ўзбекистонда 489 тенгедан (11 минг 956 сўм) сотилмоқда. Дизель ёқилғиси ҳам арзонроқ – Россияда 355 тенгега нисбатан 295 тенге, Қирғизистонда 427 тенге ва Ўзбекистонда 528 тенге(12 минг 909 сўм).
LiveБарчаси