Белгороддаги нефть базасида портлаш юз берди

Олам

image

Россиядаги Белгород вилоятининг Губкинский округида портлаш содир бўлиб, инфратузилма объектида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда кеча, 5 март куни вилоят губернатори Вячеслав Гладков Telegram-каналида маълум қилди.

Ёнғин ҳақидаги хабарни Белгород вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳам тасдиқлади. Қутқарув идораси маълумотларига кўра, портлаш Долгое қишлоғидаги нефть омборида битта танкерга зарар етказган. Ёнғин тарқалиши хавфи ва қурбонлар йўқ.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, "Белгороднефтепродукт" ОАЖнинг нефть базаси Долгое аҳоли пунктида жойлашган. Тахминларга кўра, объект дрон ҳужумининг нишонига айланиши мумкин эди. Россия Мудофаа вазирлигининг расмий баёнотига кўра, 5 мартга ўтар кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари навбатчи бўлиб, Белгород вилояти ҳудудида Украинанинг бир нечта учувчисиз самолётини йўқ қилган.

Айни пайтда Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасидаги манба “Украинформ” агентлигига Долгоедаги нефть омборига ҳужумни Украина разведкаси амалга оширганини айтган. Унинг сўзларига кўра, гап Украинада ишлаб чиқарилган дрон ҳақида кетмоқда.

Маълумот учун, январь ойида Россия-Украина чегарасидан 170 километр узоқликда жойлашган Орел шаҳрида жойлашган “Орелнефтепродукт” нефть базасига ҳужум уюштирилган. Ўшанда дрон бўш танкерга қулаб тушган ва ҳеч қандай ёнғин содир бўлмаган. Февраль ойида Курск вилоятидаги нефть базасида учувчисиз самолётнинг зарбаси оқибатида ёнғин содир бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни дрон Санкт-Петербургнинг Пискаревский проспектидаги тураржой биносига келиб урилганди. Унинг тахминий нишони воқеа жойидан бир километр масофада жойлашган Ручий нефть базаси бўлиши мумкин эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Белгород

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг