Беларусдан олиб қўйилган Жаҳон чемпионати қаерда ўтказилиши маълум бўлди
Спорт
−
02 Февраль 2021
6581Хоккей бўйича 2021 йилги Жаҳон чемпионати Латвиянинг пойтахти Ригада бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқаро хоккей федерацияси кенгашининг (IIHF) расмий веб-сайтида маълум қилинган.
“Халқаро хоккей федерацияси кенгаши Латвия пойтахтини Жаҳон чемпионатининг ягона мезбони сифатида тасдиқлаш учун овоз берди. Давом этаётган эпидемиологик қийинчиликлар, шунингдек, мусобақани битта шаҳарда ўтказишга олиб келган техник сабаб туфайли шундай қарорга келдик”, дейилади федерацияси расмий сайтида.
Қайд этилишича, Хоккей федерацияси кенгаши халқаро саёҳатлардаги чекловларга нисбатан ноаниқликни ҳисобга олган ҳолда ушбу қарорга келган.
“Бутун турнирни Ригада ташкил этиш мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилишни камайтиради. Бу эса тадбирни ўтказишнинг энг хавфсиз ва тежамкор усулидир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Халқаро хоккей федерацияси кенгаши (IIHF) хавфсизлик сабаб 2021 йилда Беларусда хоккей бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини ўтказмасликка қарор қилганди.
Ўтган йили 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг мухолифат Республика ҳокимият органларига қарши халқаро санкцияларни жорий этишни, шу жумладан IIHF’га мурожаат қилиб, хоккей бўйича Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш ёки уни буткул бекор қилиш таклифини билдирганди.
Ўз ўрнида, Белорусь хоккей федерацияси IIHF’нинг қароридан кейин ҳам Жаҳон чемпионатида қатнашишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган.
LiveБарчаси