Беларусь “Вагнер” билан Польша чегараси яқинида машғулот ўтказади
Олам
−
20 Июль 2023
6566Беларусь армиясининг махсус операциялар кучлари бўлинмалари Польша чегараси яқинидаги “Брестский” полигонида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарлари билан машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда Беларусь Мудофаа вазирлиги хабар берди.
"Беларусь Қуролли кучлари “Вагнер” жангчилари билан қўшма машғулотларни давом эттирмоқда. Бир ҳафта давомида махсус операциялар кучлари бўлинмалари компания вакиллари билан биргаликда “Брестский” полигонида жанговар тайёргарлик вазифаларини ишлаб чиқади”, дейилади хабарда.
"Беларуски Гаюн" мониторинг гуруҳининг маълумотларига кўра, кеча, 19 июль куни кечқурун “Вагнер”нинг тўққизта колоннаси Беларусга етиб келган. Компаниянинг 2000-2500 ёлланма аскарлари мамлакатда.
“Вагнер” қўмондонлар кенгаши аъзоси Беларусга жами 10 000 га яқин ёлланма аскар келишини айтган.
Маълумот учун, 23-24 июнь кунлари “Вагнер” даги қўзғолондан сўнг, компания асосчиси Евгений Пригожин Беларусга кетиши эълон қилинганди.
“Вагнер” ёлланма аскарларига уйга қайтиш, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш ёки Пригожинга эргашиш таклиф қилинди. 14 июль куни Беларусь Мудофаа вазирлиги “Вагнер”нинг ёлланма аскарлари мамлакатга келганини маълум қилди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди.
Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси