Бектемир Мелиқўзиев 3-раундда нокаутга учраб, илк бор мағлуб бўлди (видео)

Спорт 18224
image

Кеча, АҚШнинг Техас штатида ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев америкалик Габриэль Росадога қарши рингга кўтарилди. 12 раундга мўлжалланган жанг 3-раундда Бектемирнинг нокаутга учраши билан якунланди.

Росадо раунд ўртасида ўнг қўлидаги кучли зарбаси билан Бектемирни рингга қулатди. Ушбу вазиятда рефери жангни тўхтатди ва Росадонинг ғалабасини қайд этди. 

Таъкидлаш керакки, 1-раундда Бектемир ҳам рақибини нокдаун ҳолатига туширишга улгурганди. Умуман, нокаутгача Бектемир жангни ўз фойдасига ҳал қилаётганди. Биргина зарбани ўтказиб юбориш ўзбекистонлик боксчига қимматга тушди. 

Шу тариқа, Бектемир профессионал фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Унинг ҳисобида шу вақтга қадар 7 та жанг ва 7 ғалаба бор эди. Шундан 6 тасида 25 ёшли боксчи рақибларини нокаутга учратган. 

Габриэль Росадо ҳам тажрибали боксчилардан. 35 ёшли америкаликнинг ҳисобида 26 та ғалаба, 13 та мағлубият ва 1 та дуранг бор.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Халқаро бокс федерацияси (AIBA)нинг берган расмий хабарномасига кўра, Бектемир Мелиқўзиев тўрт йил муддатга дисквалификация қилинди. Боксчининг 2020 йил 16 февралдан бошлаб мусобақаларда олган барча медаллари ва рейтинг очколари бекор қилинди ҳамда 2024 йил 15 февралига қадар турли спорт мусобақаларида (профессионал боксда жанг ўтказиш бундан мустасно) иштирок этиши тақиқланди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 733
Рейтинг: 3
t
×