Беҳруз Каримов жамоаси “Хетафе”ни йирик ҳисобда мағлуб этди
Спорт
−
11:25 421 2 дақиқа
Кеча, 22 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов тўп сураётган Швейцариянинг “Лугано” клуби Конференциялар лигаси умумий босқичининг иккинчи турида Испаниянинг “Хетафе” жамоасини мағлуб этди. Учрашув меҳмонларнинг 5:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда ҳисобни иккинчи дақиқада Иван Ассон очди. Бироқ орадан бир дақиқа ўтиб, Албиан Ажети мувозанатни тиклади. Еттинчи дақиқада Янис Симиньяни “Лугано”ни олдинга олиб чиқди, 26-дақиқада эса Ажети дубль қайд этиб, жамоасининг устунлигини оширди.
Иккинчи бўлимда, 50-дақиқада Уран Бислими швейцарияликларнинг тўртинчи голини урди. 74-дақиқада Борха Майорал “Хетафе”нинг фарқни қисқартиришига эришди. Бироқ испанлар мағлубиятдан қочиб қутула олмади. Қўшиб берилган вақтнинг иккинчи дақиқасида Кевин Беренс “Лугано”нинг бешинчи голини киритиб, якуний ҳисобни ўрнатди. Беҳруз Каримов учрашувнинг 75-дақиқасида майдонга тушди ва баҳс охиригача ҳаракат қилди.
Икки турдан кейин “Лугано” олти очко жамғариб, умумий босқич турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди. Бир очкога эга “Хетафе” эса 23-ўринда бормоқда.
Маълумот учун, кейинги турда “Лугано” Литванинг “Кауно Жальгирис” клубини қабул қилади. Учрашув жорий йилнинг 6 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 01:00 да бошланади.
Live
Барчаси