Байрутдаги портлаш: РФ қидирувдаги россияликларни экстрадиция қилмоқчи эмас

Олам 2507
image

Россия Ливан пойтахти Байрутда юз берган портлаш иши бўйича Интерпол томонидан ҳибсга олиниши сўралган Rhosus кемаси раҳбари Игорь Гречушкин ва капитан Борис Прокошевани қўлга олмайди ва ўзга давлатга топширмайди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“И. В. Гречушкин ва Б. Н. Прокошевга нисбатан чет эл давлатларининг ваколатли органларидан экстрадиция ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида ҳеч қандай сўровлар бўлмаган. И. В. Гречушкин ва Б. Н. Прокошев Россия Федерацияси фуқаролари эканлигини ҳисобга олсак, улар бошқа давлатга экстрадиция қилинмайди. Шунингдек, экстрадиция қилиш учун хорижий давлатларнинг ваколатли органларининг илтимосига биноан Россия Федератсияси ҳудудида ҳибсга олинмайди”, дея изоҳ берган Россия Бош прокуратураси.

Аввалроқ, Интерпол 2020 йил августда Байрут портида содир бўлган даҳшатли портлаш бўйича олиб борилган суриштирув доирасида икки нафар Россия фуқаросини қидирувга бергани хабар қилинганди. Булар, Байрутга йирик миқдорда селитра олиб келган Rhosus кемасининг хўжайини ва капитани. Шунингдек, ушбу моддани сотиб олган португалиялик тадбиркор ҳам қидирувга берилган.

Гречушкин ва Прокошев 2020 йил октябрда Ливанда сирттан ҳибсга олинганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 августда Ливан пойтахти Байрутда йирик портлаш юз берганди. Мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бандаргоҳнинг кули кўкка совурилди. Бандаргоҳда бир неча йиллардан бери сақланиб келган 2750 тонна аммиакли селитра портлади. Унинг кучи 3,3 балли зилзилага тенг бўлди.

Фожиа оқибатида бандаргоҳ вайрон бўлишидан ташқари, 200 нафарга яқин одам ҳалок бўлди. 6 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. Шаҳарнинг ярми портлашдан зарар кўрди. 300 минг одам бошпанасиз қолди. Моддий зарар миқдори 15 млрд долларга баҳоланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 71
Рейтинг: 3
t
×