Байрутдаги даҳшатли портлаш бўйича россияликлар халқаро қидирувга берилди
Олам
−
12 Январь 2021
9701Интерпол 2020 йил августда Байрут портида содир бўлган даҳшатли портлаш бўйича олиб борилган суриштирув доирасида икки нафар Россия фуқаросини қидирувга берди.
Гап Байрут бандаргоҳига селитрани олиб келган кема капитани Борис Прокошев ва кема эгаси Игорь Гречушкин ҳақида боряпти. Улар билан бирга ўша селитрани Грузиядан сотиб олган португалиялик Хорхе Морейра ҳам қидирувга берилган.
Интерпол орқали қидирувга бериш Ливан Бош прокуратураси сўрови билан бўлган.
Икки россиялик ва португалияликка нисбатан “қизил огоҳлантириш” (red notice) чиқарилган. У ҳибсга олиш учун халқаро ордердан кам кучга эга ва Интерпол аъзолари уларни қидириши шартмас, аммо жойи маълум бўлган тақдирда дарҳол уларни ҳисбга олиши керак.
Прокошев қидирувга берилганидан ҳайратда эканини билдирган.
“Алал оқибат иш шу нуқтага келган бўлса, юкни биз Ливанга эмас, Мозамбикка олиб кетаётган эдик. Улар ўзи кемани Байрутда ушлаб қолиб, портдан чиқариб юбормади”, деган денгизчи.
Гречушкин ва Прокошев 2020 йил октябрда Ливанда сирттан ҳибсга олинганди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 августда Ливан пойтахти Байрутда йирик портлаш юз берганди. Мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бандаргоҳнинг кули кўкка совурилди. Бандаргоҳда бир неча йиллардан бери сақланиб келган 2750 тонна аммиакли селитра портлади. Унинг кучи 3,3 балли зилзилага тенг бўлди.
Фожиа оқибатида бандаргоҳ вайрон бўлишидан ташқари, 200 нафарга яқин одам ҳалок бўлди. 6 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. Шаҳарнинг ярми портлашдан зарар кўрди. 300 минг одам бошпанасиз қолди. Моддий зарар миқдори 15 млрд долларга баҳоланди.
LiveБарчаси