Байрут фожиаси талафотлари: қурбонлар 130 нафардан ошди
Олам
−
06 Август 2020
10518Ливан пойтахти Байрутда жорий йилнинг 4 август куни юз берган портлаш қурбонлари 137 нафарга етди. Жароҳатланганлар эса 5 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. Айни вақтда шаҳардаги шифохоналар жабрланганлар билан тўлган шу боис қурбонлар шаҳар чеккасига юборилмоқда.
Губернатор Марван Аббуднинг таъкидлашича, портлаш натижасида кўрилган зарар 3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Фожиада 300 минг фуқаро бошпанасиз қолган. Портлаш тўлқини шаҳарнинг ярмига таъсир кўрсатиб, биноларнинг вайрон бўлишига олиб келган.
Портлаш натижасида “Катаиб” Ливан христиан партиясининг бош котиби Низар Нажарян ҳам ҳалок бўлган. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ваколатхонасининг 48 ходими жароҳатланган.
Маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, портдаги портлашга бундан 6 йил аввал божхона хизмати томонидан “Rhosus” кемасидан мусодара қилинган 2,7 минг тонна аммиакли селитра сабаб бўлган. Қайд этилишича, 4 август куни порт омборларидан бирида ёнғин келиб чиққан ва селитра сақланаётган омбор аланга олган. Аслида эса бундан олти ой аввал ўтказилган текширувларда портда портловчи моддалар сақланаётгани аниқланган, бироқ чоралар кўрилмаган.
Ливан божхона хизмати бошлиғи Бадри Дахернинг сўзларига кўра, божхона ва жамоат хавфсизлиги бош бошқармаси хавфли юкларни бандаргоҳдан олиб ташлашни бир неча бор сўраган, аммо олти йил давомида уларнинг талаблари эътиборга олинмаган.
Ички ишлар вазири Муҳаммад Фаҳмининг сўзларига кўра, мазкур портлаш бўйича тергов Ливан расмийлари томонидан ўтказилади, унга халқаро экспертлар жалб қилинмайди. Расмийлар воқеанинг барча ҳолатларини текширишни беш кун ичида якунлашга ваъда бермоқда.
Аммиакли селитра мусодара қилинган кема эса хабаровсклик тадбиркор Игор Гречушкинга тегишли бўлгани айтилмоқда. Ливан Ҳукумати портлаш сабабчилари аниқланмагунга қадар порт маъмуриятини уй қамоғида сақлашга қарор қилди.
Президент Мишель Наим Аун Олий мудофаа кенгаши йиғилишини ўтказиб, жароҳатланганларга бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш, уйи ва мулкига зарар етганларни вақтинчалик жой билан таъминлаш юзасидан топшириқ берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь