Байроқ осган йигитни ушлаган ИИБ ходимлари устидан хизмат текшируви ўтказиляпти

Жамият

image

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигит билан боғлиқ ҳолат юзасидан Ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, Ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши бўйича Қамаши тумани прокуратураси томонидан тақдимнома киритилган.

Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, қонунга зид бўлган маъмурий қарор суд мажлисида кўриб чиқилгунга қадар бекор қилинган.

Аввалроқ, “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ўзининг Telegram каналидаги постида Бош прокуратура аралашувидан кейин ёпилган, байроқ кўринишидаги тасма таққан йигит билан боғлиқ иш тафсилотларини ошкор қилишга чақирган эди.

“Бироқ фуқарога ноқонуний талаб қўйган, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ва жавобгарликка тортиш учун судга юборган ИИБ ходимлари ҳамда ноқонуний қарор қабул қилган суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилгани масаласи мавҳумлигича қолмоқда”, дейди Бобур Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 май куни Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” деҳқон бозорида елкасига байроқли лента тақиб олган йигитни ИИБ ходимлари олиб кетаётгани акс этган видео тарқалган эди. Вилояти ИИБ Матбуот хизмати бунга муносабат билдириб, фуқаро ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслиги, уни ечиб қўйиб давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмаслик тушунтирилганида фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатганини айтган эди. Шунингдек, йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан иш очилганди. Сўнгра йигитга нисбатан қўлланилган қарор бекор қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё ИИБ Байроқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг