Байденнинг оиласи уни номзодликдан воз кечишга кўндириши мумкин — ОАВ
Олам
−
30 Июнь
6176АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байденнинг рафиқаси, синглиси, дўсти ва бир нечта маслаҳатчилари уни ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловида ўз номзодини олиб ташлашга рози қилиши мумкин. Бу ҳақда Американинг “Axios” нашри хабар берди.
“Агар Байден тўхташи керак деб ҳисобланса, унинг иккинчи муддатга президентликка номзод бўлиши билан боғлиқ вазиятга атрофидаги бир нечта одам таъсир қилиши мумкин”, деб ёзади нашр.
Журналистларнинг фикрига кўра, бу доирага биринчи хоним Жилл Байден, президентнинг синглиси Валери Байден, узоқ йиллик дўсти ва доимий маслаҳатчиси Тед Кауфман, шунингдек, Оқ уй маслаҳатчиларининг кичик гуруҳи киради.
“Бу ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган ошхона кабинети, оқсоқоллар кенгаши ва ҳукмрон олигархия катта бир оила каби ишлайди. Фақат шу одамлар Байденнинг шахсий ҳаёти ва президентлигидаги катта ва кичик қарорларга таъсир қилади”, деб ёзади нашр Оқ уй раҳбарига яқин манбаларга таяниб.
Нашрга кўра, Жо Байден иккинчи муддатга номзодини қўйишга якка ўзи қарор қилди. Чунки у ва унинг шериклари вице-президент Камола Ҳаррисга қараганда, Оқ уй раҳбарида Дональд Трампни мағлуб этиш имконияти кўпроқ, деб ҳисоблайдилар. Бироқ, Демократик партия раҳбарлари Байденга босим ўтказиши мумкин бўлган ташқи кучлар қаторига киради.
Байденнинг ўрнига бошқа номзод бўлиши мумкинлиги ҳақида мунозаралар бошланди. Айни пайтда Демократик партия август ойида бўлиб ўтадиган қурултойгача бошқа номзод кўрсата оладими, деган савол туғилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден ёш бўлмаса ҳам президентлик вазифасини бажара олишини билдирди. Шунингдек, АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис демократларнинг сайловолди биринчи баҳсидан кейин Оқ уй раҳбари Жо Байденнинг ёмон ишлаши ҳақидаги хавотирларини йўқ қилишга урингани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси