Байден жамоатчилик гувоҳлигида вакцина қабул қилишга тайёрлигини билдирди
Олам
−
04 Декабрь 2020
3918АҚШнинг сайланган Президенти Жозеф Байден коронавирус вакцинасидан кенг жамоатчилик кўз ўнгида фойдаланишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у CNN`га берган интервьюсида айтиб ўтди.
У билан интервью олиб борган журналист демократдан 20 январга белгиланган инаугурация арафасида ва жамоатчилик олдида эмланиши мумкинми, деб сўради.
“Мен буни амалга оширишдан хурсанд бўламан”, деб жавоб берди Байден.
У буни АҚШ Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучи вакцинанинг хавфсизлигини тасдиқласагина амалга ошириши мумкинлигини айтди.
Байден АҚШда “одамлар вакцинанинг самарадорлигига ишончини йўқотиб қўяётганидан” хавотир билдирди. Демократнинг сўзларига кўра, Американинг собиқ раҳбарлари коронавирусга қарши оммавий равишда эмлашга тайёр эканликларини эълон қилиб, “қандай ҳаракат қилиш кераклигини кўрсатиб беришди”. Байден таъкидлаганидек, “америкаликларга вакцинанинг хавфсизлигини етказиш жуда муҳим”.
100 кун ниқоб билан
Байден 2021 йил 20 январда бўлиб ўтадиган инаугурациядан сўнг, пандемия нуқтаи назаридан америкаликлардан камида 100 кун давомида ҳимоя ниқобларини тақиб юришларини сўрамоқчи.
"Фақатгина 100 кун, абадий эмас. Ўйлайманки, биз (инфекция юқтирганлар сонининг) сезиларли пасайишининг гувоҳи бўламиз”, деди Жо Байден.
Байден барча АҚШ аҳолисини жамоат транспортида, шунингдек, федераль ҳукуматга тегишли биноларда ҳимоя ниқобини тақишни мажбурий этиб белгилаш ниятида эканлигини таъкидлади. Демократнинг сўзларига кўра, у аллақачон жамоат жойларида ҳар доим ниқобда бўлиб, ватандошларига ўрнак кўрсатмоқда.
LiveБарчаси