Байден вақтинчалик бюджет бўйича қонун лойиҳасини имзолади
Олам
−
21 Декабрь
1044АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден вақтинчалик бюджетни тасдиқловчи қонун лойиҳасини имзолади ва шу билан ҳукуматнинг расмий “шатдауни”га якун ясади. Бу ҳақда бугун, 21 декабрь куни куни Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
“Шанба, 21 декабрь куни Байден федерал идораларни 14 мартгача молиялаштиришни назарда тутувчи қонунни имзолади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Конгрессининг юқори палатаси федерал ҳукуматни вақтинчалик молиялаштиришни давом эттириш ҳақидаги қонун лойиҳасини кечиктириб қўллаб-қувватлаган ва бу сабабли расмий “шатдаун” юзага келган эди. Бироқ федерал органларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш фақат дам олиш кунлари сабабли расмий тус олган бўлса-да, душанба куни бу тўхташ тўлиқ кучга кирган бўларди.
Янги қонунда белгиланган федерал идораларни молиялаштириш муддати тугагунга қадар (14 март), АҚШ янги маъмурияти, яъни президентлик сайловларида ғолиб бўлган Дональд Трамп бошчилигидаги бошқарув иши бошланади.
Янги қонун лойиҳаси табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ва фермерларга ёрдам кўрсатиш учун маблағ ажратишни назарда тутади. Трампнинг талабларига қарамасдан, вақтинчалик бюджетда давлат қарзи чегарасини бекор қилиш ёки уни сезиларли даражада ошириш масалалари киритилмади. Республикачилар партияси аъзоларининг кўпчилиги охир-оқибат ушбу талаблар инобатга олинмаган ҳолда қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, чунки аввалроқ улар ўз таклифларини тасдиқлатиш учун етарли овоз тўплай олмаган.
LiveБарчаси