Байден ва Трамп бир кунда жанубий чегарани кўздан кечирди (видео)

Олам

image

Жорий йилнинг 29 февраль куни АҚШнинг амалдаги ва собиқ президентлари Мексика билан тахминан 2000 километрлик чегарани кўздан кечирди. Жо Байден Техаснинг Рио-Гранде водийсидаги Браунсвилл шаҳрида, Дональд Трамп эса ундан 500 километр наридаги Игл-Пасс шаҳрида бўлди. Бу ҳақда "Америка овози" ҳабар қилди.

Ҳар икки президент ҳам сўнгги пайтда чегарадан ўтаётган мигрантлар сони кескин ошганидан хавотир билдирган.

Байден Конгресс Вакиллар палатасида республикачи қонунчилар қабул қилмаётган иммиграцияга доир қонун лойҳасига эътибор қаратди.

“Ишдан чиққан иммиграция тизимини тузатиш ва чегара хавфсизлигини кучайтириш мақсадида Президент бўлган илк кунимданоқ Конгрессга қонун лойиҳасини тақдим этдим. Бироқ уни қабул қилишмади. Бир неча ойдан сўнг вакилларим ҳар икки партияга мансуб сенаторлар билан жиддий музокара бошлади. Демократлар, етакчи консерватив республикачилар, прогрессив демократлар билан ўтган музокараларда ҳаммага тўғри келадиган қонун лойиҳасига келишдик. Бу мамлакат тарихида чегара хавфсизлигига доир энг кучли ислоҳотлар тўпламидир”, деган Байден.

Трамп эса чегарадаги вазиятни уруш дея таърифлаб, Байденнинг сиёсати оқибатида минглаб мигрантлар Америкага кириб олганини, баъзиларининг жиноятчи эканини айтган.

Техаснинг республикачи губернатори Грег Эббот Байден билан кўришишни лозим топмай, Трампнинг ёнига борган ва чегара назоратини кучайтиришга сўз берган.

Техаслик сиёсий таҳлилчилар яқинда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига ишора қиларкан, иммиграция масаласи штатнинг демократ сайловчилари эътибор марказига тушаётганини айтган.

Байден эса чегара муаммосини ҳал қилишда Трампни ҳамкорликка ундаган.

“Жаноб Трампга гапим шуки, мавзу билан сиёсий мақсадларда ўйнашгандан кўра, Конгресс аъзоларини қонун лойиҳасига тўсиқ қўйишга чақиргандан кўра, менга қўшилиб, қонунчилардан чегара хавфсизлиги бўйича икки партиявий ҳужжатни қабул қилишни сўрасин. Бунга биргаликда эришсак бўлади”, деган АҚШнинг амалдаги раҳбари.

Трамп эса АҚШ Байден даврида жиноятчилик ўчоғига тўлиб бораётганини айтишдан берига ўтмади.

“Улар кўзимга жангчилардек кўринишяпти. Бир нарса бўлаётганга ўхшайди. Ёмон нарса. АҚШ Байденнинг мигрант жиноятчиларига тўлиб боряпти. Мамлакатимизга нисбатан шафқатсиз ҳуқуқбузарликнинг янгича кўриниши бу. Мигрантлар жинояти”, деган Трамп.

Эслатиб ўтамиз, 29 февраль куни Трамп ақлий қобилиятини тестдан ўтказиб, бу тестдан амалдаги Президент Жо Байденни ҳам ўтиши кераклигини маслаҳат берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг