Байден ва Меркель Россиянинг бошоғриқ бўлаётган лойиҳаси ҳақида гаплашди

Олам 5655
image

Кеча, 15 июль куни АҚШ Президенти Жо Байден ва Германия канцлери Ангела Меркель Вашингтонда музокаралар ўтказди. Байден ва Меркель учрашув давомида “Шимолий оқим-2” газ қувури лойиҳаси тўғрисида фикр алмашди.  

Байденнинг таъкидлашича, у Меркель билан Москванинг қўшни давлатларга босим ўтказиш учун энергиядан фойдаланишига йўл қўймаслик кераклиги тўғрисида келишиб олган. Меркель эса Германия ва АҚШ “Шимолий оқим-2” ҳақида турли хил фикрларга эга эканини таъкидлаган. 

Қайд этилишича, музокараларда Байден Меркелга қувур линияси борасида хавотир билдирган. 

“Канцлер ва мен Россиянинг қўшниларига таҳдид қилиш учун энергиядан қурол сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик керак, деган фикрга келишдик”, деган Байден. 

Ўз навбатида Германия канцлери “Шимолий оқим-2” “қўшимча лойиҳа” эканини ва Украина орқали газ транзитининг ўрнини босмаслиги кераклигини айтган. 

“Украина табиий газ учун транзит давлат бўлиб қолиши керак”, деган Меркель. 

Меркелнинг сўзларига кўра, “агар Россия Украинани транзит ҳуқуқидан маҳрум қилса”, Германия қараб турмайди. Канцлер газни Украина орқали транзит қилишда муаммолар юзага келганда Германия нафақат мустақил, балки Европа Иттифоқи орқали ҳам ҳаракат қилиши мумкинлигини тушунтирган. 

Унинг сўзларига кўра, айнан Европа Иттифоқи орқали Россияга қарши Украина можароси билан боғлиқ санкциялар жорий қилинган. 

Шу билан бирга, Меркель ўзи ва Байден “ушбу лойиҳанинг моҳияти тўғрисида турлича баҳо беришларини” таъкидлаган. Байден эса, у ҳокимиятга келганида лойиҳа тугаш арафасида турганини эслаган. 

“Биз бундан кейинги санкциялардан фойда кўрмадик. Бунинг ўрнига Германия билан ишлашни танладик”, деган Байден. 

У Европанинг энергия хавфсизлигини таъминлашни муҳим, деб билишини таъкидлаган. 

“Шимолий оқим-2” бунга қандай таъсир қилиши ҳақида гапирганда эса, Байден “кўрамиз”, деб жавоб берган. 

Маълумот ўрнида, АҚШ маъмурияти “Шимолий оқим-2”нинг амалга оширилишидан норози ва ушбу лойиҳага қарши бир қатор санкцияларни жорий этган. 

“Шимолий оқим-2” лойиҳаси Болтиқ денгизи туби бўйлаб ҳар бирининг узунлиги 1,2 минг километрдан ортиқ бўлган иккита газ қувур линиясини қуришга асосланган. Улар орқали Россия, Германия, Финляндия, Швеция ва Дания денгиз ҳудудларидан Германияга газ етказиб берилади. Лойиҳа “Шимолий оқим-2” АГ томонидан бошқарилади (унинг ягона акциядори — “Газпром”). Қувурнинг биринчи қаторини қуриш ишлари, аллақачон, якунланган. Иккинчи қувурни ётқизишни августга қадар якунлаш режалаштирилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 283
Рейтинг: 2.9
t
×