Байден ўғли Хантерни афв этди
Олам
−
08:54
5236АҚШ Президенти Жо Байден ўғли Хантер Байденни расман афв этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг кеча, 1 декабрь куни кечқурун Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида маълум қилинди.
"Хантер билан боғлиқ фактларни ўрганадиган ҳеч қандай ақлли одам бундан бошқа хулосага кела олмади: Хантерни фақат менинг ўғлим бўлгани учун ажратиб олишди – бу нотўғри", дейди Президент.
Жо Байденнинг сўзларига кўра, бу қарор ҳафта охирида оила Шукроналик кунини бирга ўтказгандан сўнг қабул қилинган. Президент қарорини қуйидагича изоҳлади:
"Мен ҳуқуқ тизимига ишонаман, лекин мен яна шунга ҳам ишонаманки, хом сиёсат бу жараёнга зарар етказди ва адолатсизликка олиб келди", дейди у.
"Reuters"нинг ёзишича, Байден президентлиги даврида унинг кенжа ўғли республикачиларнинг нишонига айланган. Оқ уй раҳбари “америкаликлар ота ва президент нима учун бундай қарорга келганини тушунишади”, деган умидда.
Жо Байден ўғлининг ҳуқуқий муаммолари туфайли вазиятга аралашмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Сентябрь ойида Оқ уй Америка раҳбари ўз ўғлини афв этиш ниятида эмаслигини такрорлаганди.
Оқ уйнинг амалдаги раҳбарининг президентлик ваколатлари 2025 йил 20 январда унинг ўрнига янги сайланган Дональд Трамп келиши билан тугайди.
54 ёшли Хантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилдан бери давом этмоқда. 2023 йилда у солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ноқонуний қурол сақлаш айбини тан олишга рози бўлган. Судгача бўлган келишув унга ҳақиқий жазодан қочишга ёрдам бериши керак эди.
Ўша йилнинг июль ойида айблов келишувида "ностандарт шартлар" борлиги ва Байденга тергов давом этаётган эпизодларда иммунитет бериши мумкинлиги маълум бўлди. Кейин Хантер Байден ўз айбини тан олди.
Хантер Байден 2023 йил декабрида айбланган. Прокурор Дэвид Вайс томонидан тайёрланган айблов хулосасига кўра, кичик Байден 2016 йилдан 2019 йилгача камида 1,4 миллион доллар солиқ тўламаган.
"Солиқ тўлаш ўрнига, судланувчи миллионлаб долларларни экстравагант турмуш тарзига сарфлаган", дейилади ҳужжатда.
Кичик Байден ўтган июнь ойида қурол сақлаш айблови билан айбдор деб топилган эди.
Дэлавердаги ҳакамлар ҳайъати у 2018 йилда револьвер сотиб олаётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслик ҳақида ёлғон гапирганини аниқлади. Бу ҳолатда у 25 йилгача қамоқ жазоси ва 750 минг долларгача жаримага тортилиши мумкин. Сентябрь ойида Хантер Байден тўққизта айбловнинг барчаси бўйича ўз айбини тан олди.