Байден ракета ҳужумлари ортидан Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдамни ажратди
Олам
−
15 Октябрь 2022
4822АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 725 миллион долларгача миқдорда қўшимча ҳарбий ёрдам ажратишга кўрсатма берди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизматининг жума куни тарқатган баёнотида айтилади.
Ҳужжатда таъкидланишича, Байден АҚШ Давлат котибига Украинага ёрдам бериш учун АҚШ Мудофаа вазирлигининг мудофаа маҳсулотлари ва хизматлари, ҳарбий тайёргарлик ва таълим учун умумий қиймати 725 миллион долларгача маблағ ажратиш ваколатини берди. Вашингтон Киевга қандай қуроллар юбориши ҳозирча аниқланмаган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, ёрдам “Россиянинг Украина бўйлаб тинч аҳолига қарши шафқатсиз ракета ҳужумлари” ва “Россия қўшинларининг ваҳшийликлари далиллари ортиб бораётгани” муносабати билан берилмоқда.
Янги ҳарбий ёрдам пакетига, хусусан, HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимлари учун ўқ-дорилар, 23 000 та 155 мм артиллерия снарядлари ва 5 000 танкга қарши тизимлар киради, дейилади Пентагон веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, Россия 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. Киевда, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларида, жумладан Днепр вилояти, Одесса ва Харьковда эрталаб бир қатор портлашлар содир бўлди.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 20 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган. Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрди. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирска кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган.
Ҳужум ортидан АҚШ Жо Байден Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилишига ваъда берди. Германия эса аввал ваъда қилган хенит-ракета мажмуасини Киевга етказиб берди.
LiveБарчаси