Байден пулдан қийналмоқда

Олам

image

АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден президентлик муддати тугаганидан кейин оддий ва тежамкор ҳаёт тарзини олиб бормоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, 82 ёшли сиёсатчи бошқа собиқ президентлар даражасида даромад топа олмаяпти. Бунга унинг ёши, машҳурликнинг пасайиши ҳамда компаниялар уни пулли маърузалар учун таклиф қилишни истамаслиги сабаб бўлмоқда.

Байденнинг асосий даромадлари хотира китобидан (10 млн доллар) ва йилига 416 минг долларлик пенсиядан иборат. Пулли маърузалар унга 300–500 минг доллар келтириши мумкин, аммо бундай таклифлар жуда кам. Масалан, Барак ва Мишель Обамалар ўз мемуарлари учун 60 млн доллар олган.

Шу билан бирга, Байден катта харажатларга дуч келмоқда. У Rihobot-Bich’даги 2,7 млн доллар турадиган уйининг ипотекасини тўлаши керак, бу йил мамлакатда мулк солиғи 20 фоизга ошган. Шунингдек, у ўғли Хантернинг суд жараёнларини молиялаштиришга ёрдам бериб, қизи Эшлига ажрашиш жараёнида кўмак бермоқда.

NBC хабарига кўра, Байден кутубхона қурилиши учун маблағ йиғишда ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда. Пенсильвания университети унинг президентлик кутубхонасини жойлаштиришдан бош тортган, оиланинг суратлар ва китоблардан тушадиган даромади камайган, тиббий харажатлар эса онкологик даволаниш билан боғлиқ. Ҳозирда у Делавэр университети қошида президентлик марказини ташкил этишга ҳаракат қилмоқда, аммо маблағ йиғиш секин кечмоқда.

Байденнинг рафиқаси Жилл Байден эса йилига 100 минг доллар маош тўланадиган ўқитувчилик ишидан кетиб, аёллар саломатлиги бўйича бепул дастурга раҳбарлик қилмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, Байден оиласи ҳашаматли ҳаёт тарзини ёқтиради, айниқса, харажатларни бошқалар кўтарганида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден саратон ҳужайраларини олиб ташлаш учун операция қилинганди. Операция тери саратонига қарши курашишда жуда самарали ҳисобланган “Мооса” усули ёрдамида амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жо Байден Пенсильвания Мишель Обама Rihobot-Bich

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг