Байден Пентагон пудратчиларига Украинада ишлашга рухсат беради
Олам
−
09 Ноябрь
30302025 йил январида Оқ уйни тарк этадиган АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти мудофаа бўйича пудратчиларнинг Украинада ишлашига қўйилган тақиқни бекор қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 8 ноябрь куни кечқурун “Reuters” ва CNN телеканаллари хабардор манбаларга таяниб, мустақил равишда хабар берди.
Хабарларда аниқлик киритилишича, пудратчиларнинг вазифаси Пентагон томонидан Киевга етказиб бериладиган замонавий қуролларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишдан иборат бўлади.
“Бу Киевга Россияга қарши курашда ёрдам беришга қаратилган сиёсатда сезиларли ўзгаришларни англатади”, дея хабар беради “Reuters”.
Агентлик маълумотларига кўра, бундай пудратчилар кам бўлиши, улар фронт чизиғидан узоқда жойлаштирилиши ва жанговар ҳаракатларда қатнашмаслиги режалаштирилган.
CNN телеканали Пентагондаги исми ошкор этилмаган суҳбатдошининг сўзларидан шунга ўхшаш маълумотни тарқатди. Унинг сўзларига кўра, янги нормалар Оқ уй томонидан ноябрь ойи бошида, президентлик сайловлари олдидан тасдиқланган.
2022 йилнинг февраль ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Қўшма Штатлар Киевга ўнлаб миллиард долларлик қурол-яроғ ўтказди. Бироқ шу пайтгача Америка ҳарбий техникасини таъмирлаш учун Украинадан ташқарига олиб ўтиш керак эди. Ёки украиналик механиклар онлайн конференция орқали америкаликлардан кўрсатмалар олиб ишлади. Замонавий Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва F-16 қирувчи самолётлари каби қуроллар Украинага топширилгандан сўнг таъмирлаш баъзан жуда секин суръатларда олиб борилди.
“Reuters” суҳбатдошининг таъкидлашича, Украинада Ғарб ҳарбий техникаси шикастланганидан кейин кўпинча фойдаланиш тўхтатилган. Ўз навбатида, учинчи манбанинг таъкидлашича, аввал Украинада АҚШ Давлат департаменти ёки АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги билан шартнома тузган пудратчилар ишлаши мумкин эди. Энди АҚШ Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган пудратчилар ҳам бу ҳуқуққа эга бўлади.
Америка қўшинлари Украинага борадиган пудратчиларни ҳимоя қилишда иштирок этмаслиги кўрсатилган. Пентагон билан шартнома имзолаган компаниялар уларнинг хавфсизлиги учун жавобгар бўлади.
Айни пайтда, “Reuters” ва CNN хабарларида қайд этилганидек, 2025 йилнинг 20 январида лавозимга киришадиган АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп бу сиёсатни давом эттирадими ёки йўқми, аниқ эмас. Аввалроқ у сайланган тақдирда Украинадаги урушни “24 соат ичида” тугатиши мумкинлигини айтган эди.