Байден НАТО сафига қўшилган Финляндияни қутлади
Олам
−
04 Апрель 2023
4307АҚШ Президенти Жо Байден Финляндиянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилишини олқишлашини айтди. Унинг баёноти Оқ уй сайтида чоп этилди.
“Бугун мен Финляндияни НАТОнинг 31-иттифоқчиси сифатида ғурур билан қутлайман”, дейилади ҳужжатда.
Байденга кўра, Финляндиянинг блокка кириши НАТО ташкил топганидан бери энг тез амалга оширилган ҳолат бўлган.
“2022 йил май ойида Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди. Иккала давлат ҳам бизнинг қадриятларимиз ва дунёқарашларимизни баҳам кўрадиган юқори самарали ҳарбий кучларга эга қудратли демократик давлатлардир. Бир йилдан камроқ вақт ичида биз Финляндияни аъзо сифатида қабул қилдик, бу замонавий НАТО тарихидаги энг тез ратификация жараёни бўлди”, дейилади АҚШ Президенти баёнотида.
Шунингдек, Байден Швециянинг иттифоққа қўшилишини интиқлик билан кутаётганини айтган. У Туркия ва Венгрияни ратификация жараёнларини кечиктирмасдан якунлашга чақирган.
Бундан ташқари, АҚШ Президенти Кремль Украинада уруш олиб бориш орқали Европа ва НАТОни бўлинишини кутганини, бироқ бугун блок ҳар қачонгидан ҳам жипслашганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 апрель куни Финляндия расман НАТОнинг 31-аъзосига айланди. Альянс қароргоҳида Финляндия байроғи кўтарилди. Расмий маросимда сўзга чиққанлар, хусусан, Финляндия Президенти ва НАТО Бош котиби тез орада Швецияни ҳам ўз сафларида кўриш ниятида эканини билдирди.