Байден маъмурияти Зеленскийни Путин билан музокараларга ундаган

Олам 5003
image

Укарина Презеденти Владимир Зеленскийнинг Россия билан музараларни Президент Владимир Путин билан бошлаши мумкинлиги тўғрисидаги позициаяси АҚШ етакчиси Жо Байден маъмурятининг енгил турткиси билан боғлиқ. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларига таяниб, “Politico” нашри ёзмоқда.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Зеленский музокаралар учун бешта шартни, жумладан, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш, уруш жиноятларини жазолаш ва товон тўлаш каби аввал айтганларини такрорлаб ўтди. Олдинги гапларидан фарқли равишда Зеленский музокаралар Россиянинг Путиндан кейинги раҳбарияти билан ўтказилишини урғуламади.

Манбага кўра, Украина позициясидаги бу ўзгариш Киев ва Вашингтон ўртасидаги бир неча кунлик музокаралардан сўнг ва Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг Зеленский билан юзма-юз кўришиши ортидан юз берди. АҚШ расмийлари Зеленский ва унинг ёрдамчиларига ўз позицияларининг ўзгаришини тўғридан-тўғри айтмаган. Бироқ, уларга Киевга урушни оқилона ва тинч йўл билан тугатишга тайёр эканликларини кўрсатишлари зарурлиги айтилган.

Нашрга АҚШ расмийларидан бирининг  маълум қилишича, Киевнинг ҳозирги позицияси бу бутун дунёга можарони ҳал қилмоқчи бўлаётган Россия эмас, Украина эканлигини тасдиқлайди.

“Бу улар ҳозир музокаралар столига ўтишлари керак дегани эмас. Биз Россия қилаётган ишларга асосланиб, ҳозир (музакаралар учун – таҳр.) тўғри вақт деб ўйламаймиз. Аммо улар (Киев) можарони ҳал қилишга тайёр эканликларини кўрсатишлари керак, чунки ҳеч ким бу можаронинг тугашини Украинадан кўра кўпроқ истамайди”, деган америкалик расмий.

Демократлар ва Республикачилар сўнгги ҳафталарда Байден жамоасига урушни дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун босим ўтказишди. Ўшандан бери АҚШ расмийлари кескинликни пасайтириш ва нотўғри ҳисоб-китобларга йўл қўймаслик учун украиналик ва россиялик ҳамкасблари билан алоқада бўлганликларини тасдиқлади. 

Зеленский АҚШ Конгрессига Оралиқ сайловлар олдидан янги позициясини эълон қилган эди. Сайлов натижаларига кўра, Республикачилар Конгресснинг камида битта палатасини қайтариб олишлари кутилмоқда. Бу Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдамни хавф остига қўйиши мумкин.

Украина ҳукумати вакиллари Зеленскийнинг позицияси ўзгаргани борасидаги саволларга дарҳол жавоб бермаган. Миллий хавфсизлик кенгаши бу воқеага изоҳ беришдан бош тортган. Бироқ, Жейк Салливан Украинада бўлиб турган пайтда халқаро ҳамжамият билан гаплашиладиган асосий мавзу Украинада мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг шартлари тўғрисида бўлади.

 “Украинани қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамият билан гаплашишимиз керак бўлган суҳбат – “Украина учун адолатли ва мустаҳкам тинчликнинг шартлари нима?” деган мавзуда бўлади. Биз айнан шу томон ҳаракат қилмоқчимиз, биз буни қўллаб-қувватлаймиз ва жамоавий саъй-ҳаракатларимиз бунга эришишга ёрдам беришига ишонамиз”, деган Салливан.

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакили бўлиб ишлаган Курт Волкернинг фикрича, АҚШ очиқчасига Киевни музокаралар столига тортмаслиги керак. Ҳеч бўлмаганда ҳозир музокараларнинг мавриди эмас.

“Шубҳасиз, Путин жиддий музокаралар олиб бориш ёки бу шартларни (Зелениский қўйган шартларни – таҳр.) қабул қилиш ниятида эмас. Путин урушни давом эттиришга ва Украина шаҳарларини нишонга олишга қарор қилган. Украина жанг майдонида қатъий ғалаба қозониши, ўз ҳудудини қайтариб олиши керак. АҚШ украиналикларга имкон қадар тезроқ буни амалга оширишга ёрдам беришга ҳаракат қилиши лозим”, деган у.

Жо Байден маъмурияти эса Зеленскийдан музкараларнинг асосий шарти бўлган Путиннинг ҳокимиятдан кетиши кераклиги тўғрисидаги бандни олиб ташлашни сўраган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 81
Рейтинг: 3
t
×