Байден Хитойнинг социалистик қўшниси билан алоқаларини яхшиламоқчи
Олам
−
11 Сентябрь 2023
6641Америка Қўшма Штатлари ва Вьетнам ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштириш ниятида. Бу ҳақда Оқ уйнинг икки томонлама стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги битим имзоланиши муносабати билан берган баёнотида айтилди.
Маълумки, АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 10 сентябрь куни Ҳиндистонда G20 саммити якунлангандан сўнг Вьетнамга борган ва Коммунистик партия марказий қўмитаси Бош котиби Нгуен Фу Чонг билан учрашган.
Етакчилар Жанубий Хитой денгизида навигация эркинлиги, таҳдидлар ва куч ишлатишга қарши эканини эълон қилган.
Шунингдек, АҚШ ва Вьетнам раҳбарлари БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, минтақа давлатларининг эксклюзив иқтисодий зоналари ва континентал шельфлари устидан суверенитети ва юрисдикцияси тамойилларини қўллаб-қувватлашларини билдирган.
Қайд этиш жоизки, Пекин ўнлаб йиллар давомида минтақанинг бир қанча давлатлари билан Жанубий Хитой денгизидаги шельфида углеводородларнинг катта захиралари топилган бир қатор оролларнинг ҳудудий эгалиги тўғрисида баҳслашмоқда. Гап биринчи навбатда Хиша архипелаги (Парасель ороллари), Наньша ва Хуанянь ороллари (Скарборо рифи) ҳақида бормоқда. Бруней, Вьетнам, Малайзия ва Филиппин ҳам турли даражада баҳсда иштирок этмоқда. 2013 йил охиридан бошлаб Хитойда сунъий ороллар яратиш, шунингдек, ушбу ҳудудларни кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича кенг кўламли гидротехника ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, икки двалат мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида алоқаларни кенгайтиришга келишиб олган. Байден ва Фу Чонг ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни ҳар бир томон шартларидан келиб чиққан ҳолда янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлаган. Қўшма Штатлар Вьетнамнинг мудофаа қобилиятини мамлакат эҳтиёжлари ва мавжуд икки томонлама ҳамкорлик механизмларига мувофиқ ривожлантиришда бундан кейин ҳам ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Ўз навбатида, Президент Байден ва Бош котиби Нгуен Фу Чонг Украинада адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши тарафдори эканини маълум қилган.
“Украина масаласига тўхталиб, икки давлат етакчилари БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар”, дейилади Оқ уй матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, Вьетнам ва АҚШ уруш туфайли узилиб қолган ўзаро алоқаларни 1995 йилда расман қайта тиклаган ва 2013 йил июль ойида улар ўз даражасини кенг қамровли ҳамкорлик даражасига кўтарган. Ўтган давр мобайнида Қўшма Штатлар Вьетнамнинг иккинчи йирик савдо-иқтисодий ҳамкорига айланди: товар айирбошлаш 1994 йилдаги 450 миллион доллардан 2022 йилда 123,86 миллиард долларгача ошди. Вьетнамнинг АҚШга экспортининг йиллик ўсиши сўнгги ўн йил ичида ўртача 20% ни ташкил этган. Вьетнам Қўшма Штатларнинг дунёдаги саккизинчи йирик савдо шериги ва ASEAN давлатлари орасида энг каттаси ҳисобланади. Америка бизнеси социалистик республикада умумий капитали 11,79 миллиард доллардан ортиқ бўлган 1286 та лойиҳани ўз ичига олади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь