Байден Каримов даврида Ўзбекистонда ишлаган дипломатни Киевга элчи қилиб юбормоқчи

Олам 7265
image
-

Оқ уй Украинага Ўзбекистонда фаолият юритган дипломатни элчи қилиб юбормоқчи. Бу ҳақда кеча, 25 апрель куни Оқ уй матбуот хизмати хабар бериб, у ҳозирда Словакиядаги Америка дипломатик миссияси раҳбари лавозимини эгаллаб турганини таъкидлади.

Хабарда қайд этилишича, АҚШ Президенти мамлакатнинг Украинадаги элчиси лавозимига Бриджит Бринк номзоди кўрсатилганини эълон қилган. 

“Президент Байден бугун америкалик фахрий дипломат Бриджит Бринк номзодини Украинадаги Фавқулодда ва Мухтор элчи лавозимига кўрсатиш ниятида эканлигини маълум қилди”, дейилади матбуот хизмати хабарида. 

Бринк номзоди АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши керак. 

У аввал Давлат департаменти штаб-квартирасида ва Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган. Дипломатик хизматдаги биринчи хорижий хизмат сафарида у 1997-1999 йилларда Белградда (Сербия) бўлган. 2014-2015 йиллар (Президент Ислом Каримов раҳбарлиги даври – таҳр.)да АҚШнинг Тошкентдаги (Ўзбекистон) элчихонаси раҳбари ўринбосари бўлган. 2019 йил 20 август куни Словакиядаги элчихонага раҳбарлик қилган. 

“У рус тилида гапиради, словак, серб, грузин ва француз тилларини ўрганган”, дейилади Оқ уй хабарида. 

АҚШнинг Киевдаги дипломатик миссияси раҳбари лавозимида 2019 йилнинг май ойигача Мари Йованович ишлаган. У Вашингтонга чақириб олингач, ушбу лавозим бўш турган эди. АҚШнинг Украинадаги Муваққат ишлар вакили ҳозирда Кристина Квин ҳисобланади. Йованович Киевга 2016 йилда Президент Барак Обама даврида тайинланган. 2019 йилнинг май ойида у ўзини садоқатсизликда айблаган Президент Дональд Трамп талабига кўра лавозимини тарк этган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 3
t
×