АҚШ қайси давлатларни БМТ Хавфсизлик кенгашига қўшишни истаяпти?

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида Вашингтоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашини кенгайтириш истагини тасдиқлайди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби “The Daily Telegraph” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Биз Хавфсизлик Кенгаши архитектурасини кўриб чиқиш вақти келди, деб ўйлаётганимизни аниқ айтдик. Фикримизча, у инклюзив ва кенг қамровли бўлиши керак”, деган у. 

Кирбининг таъкидлашича, Байден бу ҳафта БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилишини қўллаб-қувватлаб чиқади.

Ҳозирги вақтда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси бор: Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция. Бу мамлакатларнинг ҳар бири кенгашда вето ҳуқуқига эга. Кенгашга географик асосда 2 йил муддатга сайланган 10 та давлат эса доимий бўлмаган аъзо мақомига эга.

АҚШ маъмурияти вакиллари БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида бир неча бор гапирган. Хусусан, Байден ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида Вашингтон БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги доимий ва нодоимий вакиллари сонини Африка ва Лотин Америкаси давлатлари ҳисобига кўпайтиришини айтган. Шунингдек, АҚШ Ҳиндистонга БМТ Хавфсизлик Кенгашида доимий аъзолик мақоми берилишини қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, манбага кўра, Қўшма Штатлар Германия ва Японияни ислоҳ қилинган Хавфсизлик Кенгашида кўришни истайди.

Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Найробида бўлиб ўтган Африка иқлим саммитида Бирлашган миллатлар ташкилотини ислоҳ қилиш учун Африка давлатларидан бири БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзосига айланиши кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ БМТ Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг