Байден АҚШнинг хориждаги антитеррор операциялари ҳақида маълумот берди
Олам
−
09 Июнь 2021
3398АҚШ Президенти Жо Байден Конгресс Сенати ва Вакиллар палатаси раҳбарларини Америка томонидан чет элларда ИШИД, “Ал-Қоида” террорчилик ташкилотлари ва “Толибон” ҳаракатига қарши олиб борилаётган операциялар тўғрисида хабардор қилди. Бу ҳақда Оқ уйга асосланиб хабар берилган.
Президентнинг таъкидлашича, АҚШ бўлинмалари ИШИД, “Ал-Қоида”, “Толибон” ва Ироқ, Сурия, Яман, Иордания, Ливан, Сомали, Кения, Жибути, Нигердаги ушбу ташкилотлар билан боғлиқ гуруҳларга қарши операцияларни давом эттирмоқда.
Байден Иорданияда 2976, Ливанда 83 ва Нигерда 808 нафар америкалик ҳарбийлар борлигини таъкидлаган. Юқорида санаб ўтилган бошқа мамлакатлардаги АҚШ контингенти сони эса маълум қилинмаган. Давлат раҳбари, шунингдек, Саудия Арабистонидаги Америка қўшинларининг умумий сони 2742 кишини ташкил этишини айтган.
Бундан ташқари, Байден Конгресс раҳбариятига Америка қўшинлари Мисрдаги Синай яриморолида ва Косовода тинчликпарвар кучлар ва ҳарбий кузатувчилар миссиясининг бир қисми экани тўғрисида хабар берган. Байден, шунингдек, терроризмга қарши курашда АҚШ Филиппин ҳукуматига ҳам ёрдам бераётганини маълум қилган.
Аввалроқ, Покистон Афғонистондан ҳарбий контингентини олиб чиқиб кетаётган Америка Қўшма Штатларига ўз базаларини беришдан бош тортгани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси