Афғонистонни тарк этаётган АҚШ қўшинлари Покистон “эшигини қоқди”. Исломобод нима дейди?
Олам
−
08 Июнь 2021
9956Покистон Афғонистондан ҳарбий контингентини олиб чиқиб кетаётган Америка Қўшма Штатларига ўз базаларини беришдан бош тортди. Бу ҳақда Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайши бугун, 8 июнь куни маълум қилди.
“Уларни (америкаликлар назарда тутилган — таҳр.) базалар билан таъминлаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз ўз манфаатларимизни ҳисобга олишимиз керак”, деган вазир расмий Вашингтонга база бериш бўйича ўтказилган музокаралар вақтида.
Жанубий Осиёда етакчи ролни ўйнашга интилаётган Покистон, аллақачон, АҚШнинг бу минтақадаги ишончли иттифоқчиси бўлишдан воз кечган. Бунга жавобан 2018 йилда ўша даврдаги АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон учун ажратиладиган молиявий кўмакни тўхтатган. Трамп ўз қарорини Покистоннинг ҳаракатсизлиги ва Америкага фойдаси тегмаётгани билан изоҳлаганди.
Покистон бугунги кунда АҚШга қарама-қарши бўлган Хитой ва Россия ҳамда Туркия билан анча яқин. Бундан ташқари расмий Исломободнинг Афғонистон борасида ўз режалари бор ва у “Толибон” билан ўзининг мустақил сиёсатини юритмоқда. “Толибон” ҳаракатининг эса Афғонистондаги таъсири ортиб бормоқда. Ҳаракат мамлакатнинг тахминан 40 фоизга яқин ҳудудини ўз назоратига олган. Бундан ташқари, толиблар сўнгги уч куч ичида Афғонистоннинг 4 та туманини ҳам эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь