Байден Афғонистонни алоҳида мақомдан маҳрум қилди
Олам
−
24 Сентябрь 2022 11225 1 дақиқа
АҚШ Президенти Жо Байден Афғонистонни Американинг НАТОдан ташқаридаги асосий иттифоқчилари рўйхатидан чиқараётганини расман эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати маълум қилди.
“Мен Афғонистонни АҚШнинг НАТОдан ташқаридаги асосий иттифоқчиларидан бири сифатида таснифлашни тўхтатаман”, дейилади Оқ уй сайтида эълон қилинган Президент меморандумида.
АҚШнинг НАТОдан ташқаридаги асосий иттифоқчиси мақоми Афғонистонга 2012 йилда Президент Барак Обама даврида берилган эди.
Маълумот учун, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. Ой охирида Америка контингенти ҳам афғон диёридан тўлиқ чиқди. Шу тариқа АҚШнинг 20 йиллик ҳарбий миссияси якунланди.