Байден 59 та Хитой компаниясини “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
04 Июнь 2021
3908АҚШ Президенти Жо Байден олтмишга яқин Хитой компанияларига Вашингтоннинг сармоя киритишини тақиқловчи фармонни имзолади. Оқ уй уларни АҚШ хавфсизлигига путур етказмоқда, деб ҳисоблайди.
“Ушбу ижро буйруғи АҚШга Америка ва бизнинг иттифоқчиларимиз хавфсизлиги ёки демократик қадриятларини бузадиган Хитой компанияларига сармоя киритишни тақиқлаш имконини беради”, дейилган ҳужжатда.
Тақиқ жорий йилнинг 2 августидан кучга киради.
Таъкидланишича, “қора рўйхат”га 59 та Хитой компанияси киритилган. Улар орасида дунёдаги энг йирик телекоммуникацион компаниялардан бири Huawei Technologies Co., Ltd, микроэлектроника ишлаб чиқарувчи Semiconductor Manufacturing International Corporation (SMIC), авиатехника ишлаб чиқарувчи Aviation Industry Corporation of China (AVIC), шунингдек, China Mobile Communications Group Co., Ltd., China Telecommunications Corporation, China United Network Communications Group Co., Ltd., China Railway Construction Corporation (CRCC) ва бошқалар бор.
Қайд этилишича, ушбу фармон “америкалик ҳар қандай шахсга биржада сотиладиган ҳар қандай қимматли қоғозларни сотиш ёки сотиб олишда иштирок этишни тақиқлайди”.
Таъкидланишича, ушбу ижро буйруғи АҚШ сармоясининг Хитой мудофаа соҳасини қўллаб-қувватлашига тўсқинлик қилади.
Оқ уйга кўра, ушбу фармон "ХХР ҳарбий-саноат комплекси таҳдиди билан боғлиқ ҳолда 2020 йил 12 ноябрда эълон қилинган фавқулодда вазиятда қўшимча чора-тадбирларни” осонлаштиришга қаратилган.