Байден 2500 га яқин маҳкумларнинг ҳукмини енгиллаштирди
Олам
−
17 Январь
641Бугун, 17 январь куни АҚШ Президенти Жо Байден гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун судланган 2500 га яқин маҳкумларнинг жазоларини енгиллаштирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Байденнинг сўнгги қарори АҚШ президентлари томонидан чиқарилган индивидуал афв этиш ва енгиллаштириш бўйича рекорд натижани ўрнатган. Қолаверса, Байден қолган қисқа муддатли президентлигида ҳам афв қарорларини кўриб чиқишга ваъда берган.
“Конгресс тан олганидек, ҳукмлардаги бу фарқларни тенглаштириш вақти келди. Ушбу ҳаракат тарихий хатоларни тузатиш ва муносиб шахсларга ўз оилаларига қайтиш имкониятини бериш йўлидаги муҳим қадамдир”, деган АҚШ раҳбари.
Ушбу қарор Байден АҚШ президентлиги лавозимини тарк этишига бир неча кун қолганида қабул қилинмоқда. 20 январь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурацияси бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 23 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден 37 нафар шахснинг федерал ўлим жазоси ҳукмларини бошқа жазога алмаштирганини эълон қилганди. Ундан олдинроқ эса Байден мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг катта кечиришни амалга оширганди. Трампнинг инаугурациясидан олдин у тахминан 1500 америкаликнинг жазосини енгиллаштириб, 39 маҳкумни қамоқдан озод қилганди.
LiveБарчаси