Байден ҳам Исроилга бориши мумкин – ОАВ 

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден 18 ёки 19 октябрь куни Исроилга бориши мумкин. Бу ҳақда Исроил телевидениесининг 12-канали хабар берди.

Айтилишича, Исроил айни дамда Америка етакчисининг ташрифига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Телеканал бошқа тафсилотларни очиқламаган. 

Бироқ айрим манбаларда келтирилишича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 14 октябрь куни телефон орқали суҳбатда Байденни мамлакатга ташриф буюришга таклиф қилган. 

Америкалик расмийнинг айтишича, Байденнинг ташрифи кўриб чиқилмоқда, бироқ ҳозирча қарор қабул қилинмаган.

"Бизда эълон қиладиган янги саёҳатимиз йўқ", деган Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Адриен Ватсон.

Айни пайтда Миср расмийси мамлакат Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси шу ҳафта охирида Ғазодаги уруш бўйича халқаро конференция ташкил этаётгани ва унга Байден ҳам таклиф қилинганини маълум қилган.

Қайд этиш жоизки, АҚШнинг юқори мартабали амалдорларидан Давлат котиби Энтони Блинкен ва Пентагон раҳбари Ллойд Остин аллақачон Исроилга борган.

Остин мавқедоши Йоав Галант билан учрашган. У Америка Қўшма Штатларининг Исроилни қўллаб-қувватлашини янада кучайтиришга ва Тель-Авивнинг “ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани олиши”га ишонтирган.

Блинкен эса Яқин Шарқ бўйлаб саёҳат қилди. У Исроилдан ташқари Иордания, Қатар, Баҳрайн, Миср, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида бўлган. Қоҳира Давлат котиби ташриф буюрган охирги нуқта бўлади ва у бундан кейин Исроилга қайтади.

"Мен ташриф буюрган ҳар бир мамлакатда бу можаро тарқалмаслигини таъминлаш учун қатъият бор", деган Блинкен Миср пойтахтида. 

Унинг сўзларига кўра, араб сиёсатчилари можаро авж олмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун ўз таъсиридан, ўз муносабатларидан фойдаланмоқда.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 2750 киши ҳалок бўлган, 9700 киши жароҳатланган. Ғарбий соҳилда эса 58 одам ўлган, 1250 киши яраланган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,3 минг кишини ташкил этади. 351 нафар одам эса шифохонага жойлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг