“Барса” ва де Йонг иши: клуб футболчини судга бермоқчи

Спорт 8370
image

Каталониянинг “Барселона” клуби раҳбарияти нидерландиялик футболчи Френки де Йонг билан шартномани бекор қилишни ва дастлабки битимда кўрсатилган шартларга қайтишни истаяпти. Бу ҳақда “Тhe Athletic” нашри хабар берди.

“Барселона”нинг расмийларига кўра, аввалги раҳбарият де Йонг билан жуда катта шартлар эвазига келишув имзолаб, қонунни бузган. “Барса”нинг амалдаги бошқарувчилари ушбу битимни имзолашда иштирок этган барча томонларга нисбатан суд жараёнини бошлаш учун асос борлигини иддао қилмоқда.

Испан нашрларининг ёзишича, жорий йилнинг 15 июль куни “Барселона” де Йонгга ёзма равишда хат жўнатган. Хатда Френки билан 2020 йил 20 октябрда узайтирилган битимда жиноят излари топилганини хабар қилган.

2020 йилдаги шартномага биноан Френки 2026 йилгача “кўк анорранглилар” сафида қолиши белгиланган. Шунингдек, де Йонгнинг маоши камайтирилиши алоҳида илова қилинган. Бироқ клубнинг нидерландиялик футболчи олдидаги 18 миллион евролик қарзни узиши кераклиги ҳам кўрсатилган эди. Худди шундай келишувлар Жерар Пике, Марк-Андре тер Штеген ва Клеман Лангле каби футболчилар билан ҳам имзоланган.

“Барса” томонидан юборилган хатда де Йонг билан имзоланган шартноманинг шубҳали томонларига ойдинлик киритиш учун судга мурожаат қилиниши мумкинлиги ҳам айтилган. Каталония клуби Френкининг 2020 йилда имзоланган шартномасини бекор қилмоқчи ва унинг 2019 йилда “Аякс”ни тарк этганида келишилган шартлар асосида жамоада қолишини таъминламоқчи.

Табиийки, “Барса”нинг собиқ бошлиқлари бу даъвони рад этмоқда. Улар 24 ёшли футболчи билан келишув адвокатлар ва Ла Лига томонидан маъқуллаганидан сўнг тузилганини таъкидламоқда.

Қайд этиш керакки, нидерландиялик футболчи “Барса”дан мактуб олгач, клуб раҳбарлари билан учрашув ўтказган. Албатта, ушбу суҳбат чоғида ҳам “Барселона” “босслари” ўзларидан олдинги раҳбарларни жиноятда айблаган. Расмийлар ушбу қонунбузарликка Френки ва унинг агентлари ҳам дахлдор бўлиши мумкинлигини очиқчасига айтган.

Шунингдек, “Барселона” бу вазиятни Жерар Пике ва тер Штеген билан ҳам муҳокама қилди. Бироқ улар “Барса”дан эҳтимолий суд бўйича хат олган ёки олмаганлиги номаълум.

Хулоса шуки, “Барселона” жиддий молиявий муаммолар фонида Френкини шу ёзда бошқа клубга сотмоқчи ёки у билан коронавирус пандемияси даврида кечиктирилган тўловлардан воз кечиш бўйича музокаралар олиб бормоқчи. Айни дамда томонлар муросага келишмаган. Воқеалар ривожи нима билан тугашини узоғи билан 31 августгача билиб оламиз. Яъни, 24 ёшли футболчи бошқа клуб сафига ўтади ё бўлмаса, “Барса”нинг тўловлар борасидаги иддаоларини қабул қилади.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 260
Рейтинг: 3
t
×