Сўнгги 10 йилда Ўзбекистонга 160 млрд доллардан ортиқ инвестиция кирди

Жамият

image

Ўзбекистондаги барча ўзгаришлар кўп миллатли мамлакат халқи, жонкуяр юртдошлар меҳнати билан амалга ошмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 август куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Кўксарой қароргоҳида ўтказилаётган давлат мукофотларини топшириш маросимида сўз очди. 

Маросимда сўнгги ўн йилда халқ билан ҳамжиҳат бўлиб амалга оширилаётган ишлар натижасида иқтисодиёт тез суръатларда барқарор ўсиб бораётгани қайд этилган. 

Билдирилишича, ўтган даврда мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирган. Иқтисодиёт 2,5 баробардан зиёд кўпайган. Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. 

Саноат тармоқлари, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 минг доимий иш ўрни яратилган. Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1 миллион 200 минг ўринли замонавий мактаб, 342 минг ўринли боғча ва 62 минг ўринли шифохоналар ишга туширилган. 

Одамларнинг узоғини яқин қилиш учун 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилган ва таъмирланган. Ҳудудларда 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви кириб борган, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланган. 

Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги замонавий уй-жойга эга бўлган. Шунингдек, камида 2,5 миллион аҳоли уйли бўлган.

Президент бугун Янги Ўзбекистоннинг овози энг нуфузли минбарларда ҳам баланд янграётганини, давлатнинг халқчил, тинчликпарвар сиёсати дунёда эътироф этилаётганини таъкидлаган. 

“Ҳеч шубҳасиз, юқоридаги барча ўзгаришлар кўп миллатли халқимиз, сиз каби жонкуяр юртдошларимиз меҳнати билан амалга ошмоқда”, дейди давлат раҳбари. 

Қайси соҳа ёки вазифада ишламасин, ўз меҳнатининг муносиб эътирофини кўриш ҳар бир инсон учун катта бахт экани таъкидланган. 

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан яшаб, сидқидилдан меҳнат қилаётган 558 нафар фидойи инсон юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган. 

Президент ҳар бир мукофотланганнинг машаққатли меҳнат йўли, эришган ютуқлари ва юрт тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссасини яхши билишини таъкидлаган. 

Мукофотланганлар орасида бутун умрини бунёдкорликка бағишлаган хоразмлик отахон Рустам Султонов ҳам бор. У киши табаррук ёшда бўлса-да, вилоят нуронийларига бошчилик қилиб, маҳалла ва қишлоқларни обод қилишда ёшларга чинакам ибрат бўлиб келмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг