Барча шаҳарларда тезликни 60 км/соатгача пасайтириш белгиланди
Жамият
−
06 Апрель 2023
7366Ўзбекистоннинг йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритилиб, мамлакатнинг барча шаҳарларида ҳаракат тезлиги 60 км/соатдан ошмаслиги белгиланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида келтирилган.
Билдирилишича, энди Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган йўл ҳаракати қоидаларининг 78-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек, шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади”.
Қарорда қайд этилишича, мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов зиммасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача туширилиши айтилган эди. Бироқ келиб тушган таклифлар инобатга олиниб, ушбу чеклов фақат шаҳар ва вилоятлар марказларида амал қилиши белгиланди.