Соатига 60 км чеклови қачондан, қаерда амал қилиши айтилди
Жамият
−
01 Март 2023
162582023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 28 февраль куни имзоланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида айтилган.
Аввалроқ, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистоннинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши айтилган эди. Бироқ келиб тушган таклифлар инобатга олиниб, ушбу чеклов фақат шаҳар ва вилоятлар марказларида амал қилиши белгиланди.
Қайд этилишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳаси “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилинади.
2023 йил 1 декабрдан бошлаб транспорт воситасининг эгасига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.
Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгиланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь