“Барча одам Худо олдида тенг”. Путин Гутерриш билан учрашди
Олам
−
27 Апрель 2022
18086Россия учун баъзи давлатларнинг дунёда кимдир устунлиги ёки мутлақ ҳуқуқларга даъво қилиши ҳақидаги гаплари ғалати туюлади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувда таъкидлади.
“Биз учун баъзи ҳамкасбларимиз қоидаларга асосланган дунё ҳақида гапирганда ғалати туюлади. Бизнинг фикримизча, асосий қоида бу ташкилот томонидан қабул қилинган БМТ Низоми ва бошқа ҳужжатлар, кимнингдир ўзи ёки манфаатларини таъминлаш учун ёзилган қоғозлар эмас”, деган Путин.
Путинга кўра, бир қатор мамлакатларнинг кимдир устун экани ва мутлақ ҳуқуқларга даъво қилиши ҳақидаги айрим баёнотлари ҳам ҳайратланарли.
“Чунки БМТ Низомида халқаро алоқанинг барча иштирокчилари кучи, катталиги ва географик жойлашувидан қатъи назар, бир-бирига тенг эканлиги қайд этилган. Менимча, бу Библияда ёзилган ва санаб ўтилган нарсаларга ўхшайди – у ерда ҳамма одамлар тенгдир. Албатта, биз Қуръон ва Тавротда ҳам худди шу нарсани топамиз – ҳамма одамлар Худо олдида тенгдир”, деган Путин.
Путин ва Гутерришнинг Москвадаги музокаралари тахминан бир соат давом этган. Улар узун столда музокара ўтказган.
Кеча, 26 апрель куни Гутерриш Москвада Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ҳам учрашган. Ушбу учрашувдан сўнг БМТ Бош котиби Москва ва Киев билан гуманитар масалалар, хусусан, Украинадан тинч аҳоли учун хавфсиз гуманитар йўлакларни ташкил этиш бўйича алоқа гуруҳини тузишни таклиф қилган.
БМТ Бош котиби Путин билан музокаралардан сўнг эртага, 28 апрель куни Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашади. Халқаро ташкилот хабарига кўра, Гутерриш Украинадаги вазиятни ҳал қилишда “қандай олға силжиш бўлиши мумкинлигини” тушунмоқчи.
“Бизнинг мақсадимиз – ўт очишни тўхтатиш ва Украинадаги одамларнинг аҳволини яхшилашдир”, деган БМТ Бош котиби вакили Фархан Хак.