Банкларда кредит бериш тизими соддалаштирилади
Жамият
−
24 Июль 2019
7351Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, банклардаги бюрократия тадбиркорларнинг кредит олишида кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда кеча, 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилган.
Йиғилишда банкларнинг тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишини яхшилаш ва ажратилаётган кредитлар самарадорлигини ошириш масаласига эътибор қаратилган.
Ҳозирда кредит олиш истагидаги тадбиркорнинг мурожаати 3 босқичда, яъни туман-вилоят-республика даражасида кўриб чиқилади. Банкнинг марказий идораси розилик бермаса, тадбиркор кредит ололмайди. Оқибатда, бу жараён айрим ҳолларда ойлаб чўзилиб кетяпти.
Шу боис, банкларда кредит ажратиш масалаларини бир ва икки поғонага ўтказиш, 70-100 нафар ходим ишлайдиган филиаллар ўрнига 10-15 нафар штатдан иборат ихчам банк хизматлари марказларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тадбиркорларнинг кредит фоиз ставкаларига оид фикрлари муҳокама қилинар экан, кредитлар бўйича кафолат бериш ва фоизларни қисман қоплаш мақсадида ташкил қилинган Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини кучайтириш муҳимлиги айтилди.
Йиғилишда тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо – лойиҳаларни жойлаштириш учун ер ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу тизим ҳанузгача очиқ-ошкора ишламаётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, 3 минг 500 гектар майдон “Ер-электрон” ахборот тизимига тақдим этилган бўлса-да, шундан 1 минг 300 гектари ёки 37 фоизи савдога қўйилган, холос.
Шу боис, мутасаддиларга ер ажратиш масаласини идоралар билан келишиш, бинони рўйхатдан ўтказиш жараёнларини тубдан соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.