“Совға ютдингиз” . Тошкентда 110 кишини чув туширган “кибербункер” фош этилди
Crime
−
09:52 644 2 minutes
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида фуқароларни “Акция ғолиби бўлдингиз” дея алдаб, уларнинг кредит ва микроқарз маблағларини ўзлаштирган ноқонуний колл-марказ – “кибербункер” фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Аниқланишича, Фарғона вилоятида яшовчи 2005 йилда туғилган шахс ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларни гўёки савдо иловасининг компания акцияси ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Улар совғани олиш учун тўловни фуқаронинг номига ажратилган кредит ёки микроқарз ҳисобидан якка тартибдаги тадбиркорларга вақтинча ўтказиш кераклигини билдирган. Шундан сўнг, ютилган маиший техникани етказиб беришни ваъда қилиб, фуқароларни пул ўтказишга ишонтирган.
Шу билан бирга, гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини гўёки маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Маҳсулот етказиб беришни талаб қилган ёки устидан шикоят қилмоқчи бўлиб, норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб, жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборган. Бу йўл билан жабрланувчиларнинг эътибори чалғитилиб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитларини тўлиқ ўзлаштиришга эришилган. Маблағлар ўтказиб бўлингач, кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа бутунлай узиб қўйилган.
Текширувлар давомида ЯТТлар орқали Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган кибербункерда 5 нафар оператор фаолият юритгани, улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилгани маълум бўлган. Дастлабки терговга қадар 110 нафардан ортиқ фуқаронинг 300 миллион сўмдан ортиқ маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштиргани аниқланган.
Тезкор тадбир давомида 10 та компьютер жамланмаси, 8 та мобил телефон, 150 варақдан иборат фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари ва насия савдо иловасидан ажратилган лимитлар жадваллари, 2 та дафтар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида чет-эл фуқароси бошчилигидаги юзлаб йигит-қизлардан ташкил топган кибержиноятчилар гуруҳи қўлга олинганди.
Live
All