Банклар фирибгарларга алданган фуқаролардан кредитни тўлашни талаб қилмоқда – Омбудсман

3-саҳифа

image

2024 йилда Омбудсманга фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ ишлар ташкил этади. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.

"Ушбу мурожаатлар юзасидан Ички ишлар органлари терговчилари томонидан тижорат банкларига ушбу фуқаролар кредит маблағларидан ўзлари фойдаланмаганлиги ҳамда фуқаровий даъвогар деб топилганлиги, шунингдек, айбдор шахслар топилгунига қадар кредит қарздорлиги ҳамда унга фоизлар ҳисоблашни тўхтатиб туриш юзасидан топшириқлар юборилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасида терговчининг ўз юритувидаги иш бўйича қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва қарорлари барча корхоналар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий экани белгиланган. Лекин, шунга қарамай банклар томонидан фирибгарлик натижасида алданган фуқаролардан кредитни тўлаш талаб қилиб келинмоқда", дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга онлайн кредит ажратиш жараёнида банк карталари билан боғлиқ шубҳали фрод операцияларининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик тартиб жорий қилди. Мазкур тартиб 2024 йил 1 ноябридан 2025 йил 1 апрелига қадар амал қилиши белгиланди.

Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган

Ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва фирибгарлик ҳолатларидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади:

  • Паспорт маълумотлари, банк карталари рақами ва ПИН-код каби шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилманг.
  • Шахсий маълумотларингизни ижтимоий тармоқларда ёки номаълум шахсларга юборишдан сақланинг.
  • Телефонга келган тасдиқлов кодлари, пароллар ёки банк иловаларига кириш маълумотларини ҳеч кимга айтманг.
  • Ижтимоий тармоқлар ёки электрон почта орқали келган нотаниш файллар, ҳужжатлар ёки ҳаволаларни юклаб олманг. Улар вирус ёки зарарли дастур бўлиши мумкин.
  • Нотаниш рақамлар, хусусан чет эл рақамларидан келган қўнғироқлар ва видеоқўнғироқларга жавоб берманг.
  • Агар кимдир ўзини банк ходими ёки бошқа ташкилот вакили сифатида таништирса, уларнинг шахсини тасдиқлаш учун расмий каналлар орқали маълумот олинг.

Мақола муаллифи

Теглар

кредит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг