Баку Теҳрондаги элчихонага ҳужум қилган шахснинг ўлимга ҳукм қилинганини рад этди
Олам
−
03 Октябрь 2023
3943Озарбайжон томони жорий йилнинг январь ойида мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирган шахсга нисбатан ўлим жазоси тайинланиши ҳақидаги хабарларни рад этиб, якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини айтди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси баёнот берди.
“Сизларга шуни маълум қиламизки, биз Эрон Ислом Республикасида тергов қилинаётган жиноий ишнинг боришини диққат билан кузатиб борамиз ва қарама-қарши томон билан доимий алоқадамиз. Прокурор айбланувчига нисбатан энг оғир жазо тайинланишини талаб қилган, бироқ суд ҳалигача якуний қарор қабул қилгани йўқ”, дейилади прокуратура хабарида.
Бош прокуратура яқин орада суд адолатли қарор қабул қилиши ва айбланувчи муносиб жазосини олишига умид билдирган.
Маълумот учун, шу йилнинг 27 январь куни мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилган, оқибатда дипломатик миссия хавфсизлик хизмати раҳбари ҳалок бўлган, унинг икки ҳамкасби яраланган. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қуролли ҳужумни қоралаб, уни теракт деб баҳолаган ва жиноят зудлик билан тергов қилинишини ҳамда айбдорларнинг жазоланишини талаб қилган. 29 январь куни мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари – жами 53 киши Бакуга эвакуация қилинган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги элчихона дипломатик фаолиятини бутунлай тўхтатганини маълум қилган. Айни пайтда Озарбайжоннинг Табриздаги Бош консуллиги ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Сентябрь ойида мазкур иш бўйича тергов ишлари якунланиб, материаллар судга топширилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон давлат матбуоти Теҳрондаги элчихонага қуролли ҳужум уюштирган жиноятчи ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь