Баку Пашиняннинг Қорабоғдаги этник тозалаш айбловларини рад этди
Олам
−
28 Сентябрь 2023
4035Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг Озарбайжон ҳукумати Тоғли Қорабоғда этник тозалаш амалга оширганлиги ҳақидаги айбловларини рад этди. Бу ҳақда дипломатик департамент баёнотида айтилади.
Аввалроқ ҳукумат йиғилишида Пашинян яқин кунларда Қорабоғда арман аҳолиси қолмаслиги ҳақида фикр билдирган эди. Унинг айтишича, "бу бевосита этник тозалаш ва депортация ҳаракатидир".
“Биз Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг 28 сентябрь куни Озарбайжоннинг Қорабоғ вилояти арман аҳолиси гўёки этник тозалашга учраётгани ҳақидаги баёнотини кескин қоралаймиз ва рад этамиз”, дейилади баёнотда.
Вазирликнинг маълум қилишича, Арманистон Бош вазиринафақат 21 сентябрдаги Озарбайжондан маҳаллий арманларга таҳдид йўқлиги ҳақидаги баёнотидан чекинмоқда, балки Озарбайжоннинг инсонпарварлик ёрдами ва реинтеграция жараёнига бўлган саъй-ҳаракатларини пучга чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳаракатлар, шунингдек, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчликнинг мумкин бўлган истиқболларига путур етказади.
19 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғда яна бир кескинлик бошланди. Баку "маҳаллий аксилтеррор чоралари" бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда Арманистон Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. Россия ва АҚШ можаро томонларини қон тўкилишини тўхтатиб, дипломатик келишувга қайтишга чақирди. 20 сентябрда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилди ва эртаси куни Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Баку ва Қорабоғнинг арман аҳолиси вакилларининг реинтеграция масалаларини муҳокама қилиш учун учрашуви бўлиб ўтди.
24 сентябрь куни Қорабоғнинг айрим аҳолиси Арманистон ҳудудига ўтишни бошлади. Арманистоннинг чегарага яқин жойлашган Сюник вилоятининг Горис шаҳрида қочқинларни қабул қилиш маркази очилди, у ерга аллақачон минглаб ички кўчирилганлар етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь