Бахтиёр Саидов “Толибон” элчисини қабул қилди
Жамият
−
11 Июль 3322 2 дақиқа
Бугун, 11 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Тошкентдаги элчиси Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилди. Бу ҳақда вазир ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
“Икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Биз Афғонистонда барқарор ривожланишни доимо қўллаб-қувватлаймиз”, деб ёзди ТИВ раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистонни минтақавий ва глобал таъминот занжирларига интеграция қилиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бахтиёр Саидов иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва фаол шерикликни илгари суриш кенг минтақада барқарорлик ва фаровонликка хизмат қилишини қўшимча қилган.
Маълумот учун, 2024 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Тошкентдаги Афғонистон элчихонасини “Толибон” дипломатларига топширган эди. Ўтган йил сентябрь ойи охирида Абдул Ғаффор Теравий Афғонистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси раҳбари сифатида иш бошлади. У 9 октябрь Бахтиёр Саидов билан учрашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 11 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Толибон” муваққат ҳукуматида саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилганди. 3 июль куни эса Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида “Толибон” муваққат ҳукумати Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародарни қабул қилди.